18/Март/2023 Ҳамкорлик
ҚОҲИРА, 18 март. /«Дунё» АА/. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази бош директори Алишер Тўраев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияга ишчи сафари билан Мисрга борди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Сафар давомида Миср қишлоқ хўжалиги ва мелиорация вазири Саид Қусайр билан учрашув ташкил этилди. Унда Саид Қусайр Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёвнинг жорий йил 20-21 февраль кунлари Мисрга амалга оширган расмий ташрифи ва мамлакат Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси билан ўтказган самарали музокараларини алоҳида қайд этди. У шунингдек, ташриф давомида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги алоқаларни янада ривожлантириш бўйича имзоланган келишувларни амалий амалга ошириш учун ҳамкорликка тайёрлигини билдирди.
Учрашувда Миср қишлоқ хўжалиги ва мелиорация вазири Саид Қусайр ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов билан аввал келишилган масалаларни тезкорлик билан ҳаётга тадбиқ этиш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот якунида томонлар вазирлик мутахассислари ўртасида ўзаро амашинувларни ташкил этиш, тажриба алмашиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда ҳамкорлик қилиш ва бошқа масалалар юзасидан келишувга эришдилар.
Ўзбекистон делегацияси Миср Искандария шаҳридаги иқтисодий ҳудудида фаолият олиб бораётган «Filmar Nile Textile» тўқимачилик фабрикасида бўлди ва фабриканинг бош бошқарувчиси Амр Элессави билан музокаралар ўтказди.
Мамлакатимиз вакилларининг Искандариядаги сафарининг навбатдаги манзили «Elvy Wearing» текстил компанияси бўлди.
Компания бошқарувчиси Иброҳим ал-Дасуқий билан кечган мулоқот чоғида ўзаро ҳамкорлик масалалари хусусида фикр алмашилди. Шунингдек, Ўзбек-Миср текстил ва кластер корхоналарини ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилиниб, Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган кластер рахбарлари ва мутахассисларини ушбу корхоналарга ташрифини ташкил этишга келишиб олинди.
Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази бош директори – Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маслаҳатчиси Алишер Тўраев бошчилигидаги делегация, шунингдек, Миср пахтачилик институти директори, Пахта кенгаши президенти профессор Муҳаммад Абдулмажид ҳамда Институт олимлари билан учрашув ўтказди.
Бўлиб ўтган суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Миср олимлари томонидан ингичка толали ғўза навлар селекцияси, агротехнологияси бўйича олиб борилаётган тадқиқотлар, шунингдек, ушбу йўналишнинг ютуқ ва камчиликлари бўйича маълумотлар берилди.
Томонлар мутахассислар даражасида ўзаро ташрифларни ташкил этиш ва пахтачилик соҳасида тажриба алмашиш тўғрисида аҳдлашиб олдилар.
Миср Чўл тадқиқотлари маркази президенти профессор Абдуллоҳ Заглол билан бўлиб ўтган мулоқотда томонлар озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида янги ерларни ўзлаштириш ва экин ер майдонларини кенгайтириш бўйича ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.