Uz / Ўз Ru En

Toshkent

Dunyo.info


СиёсатИқтисодиётДолзарбЎзбекистон дунё нигоҳидаЯна рукнларАрхив

25/Февраль/2023   Иқтисодий дипломатия

Ўзбекистон ва Покистон икки томонлама товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказишни режалаштирмоқда

ТОШКЕНТ, 25 февраль. /«Дунё» АА/.  Кеча Халқаро бизнес марказида Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ва Покистон молия вазири Исҳоқ Дор ҳамраислигида савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Покистон Ҳукуматлараро комиссиясининг 8-йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.


Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги (ИССВ) маълумотига кўра, тадбирда, шунингдек, икки мамлакатнинг тегишли вазирликлари, идоралари ва тармоқ бирлашмалари раҳбарлари иштирок этди.

Кун тартиби доирасида савдо-иқтисодий, инвестициявий, саноат, транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорлик ва туризм йўналишидаги ўзаро муносабатларнинг кенг кўламли масалалари кўриб чиқилди.

Икки давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари туфайли Ўзбекистон ва Покистон муносабатлари ижобий ва барқарор ривожланиш динамикаси билан ажралиб тургани ва бу устувор йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш учун шарт-шароитлар яратаётгани таъкидланди.

Икки мамлакат ўртасида инвестициявий ва саноат муносабатлари соҳасида эришилган салмоқли ютуқлар таъкидланди. Ўзбекистонда Покистон капитали иштирокида ташкил этилган корхоналар сони сўнгги 5 йилда 6 баробарга ошиб, 207 тага етди. Фармацевтика, енгил саноат, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳалари ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг истиқболли йўналишлари сифатида таърифланди. Тилга олинган соҳаларнинг ҳар бирида инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни қўллаб-қувватлаш ва юзага келаётган масалаларни ҳал этиш учун кичик гуруҳлар тузилади.

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги, фан, технология ва туризм соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш учун катта имкониятлар мавжудлиги қайд этилди.

Музокараларда ўзаро савдога алоҳида эътибор қаратилди. Унинг ҳажми 2022 йилда 32 фоизга ошиб, 239,5 миллион долларни ташкил қилди. Товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш бўйича аниқ чора-тадбирлар тасдиқланди. Шу ўринда, иккала мамлакат ҳудудларида «Made in Uzbekistan» ва «Made in Pakistan» саноат маҳсулотлари кўргазмаларини ўтказиш, қўшма чора-тадбирлар режасини тасдиқлаш, трейдерларни қўллаб-қувватлаш ва ўзаро савдо ҳажмини ошириш бўйича амалий ечимлар воситаларини жорий этишга келишиб олинди.

Йиғилишда икки мамлакат вазирлик ва идоралари раҳбарлари ўз соҳа ва йўналишлари бўйича ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича истиқболли режеларни белгилаб олдилар. Билдирилган таклифлар ҳар томонлама кўриб чиқилиб, илгари сурилган ташаббусларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича ҳамкорлик формати белгилаб олинди.

Муҳокамалар тадбир давомида эришилган асосий келишувларни акс эттирувчи йиғилишнинг якуний баённомасини имзолаш билан якунланди.

Мавзуга оид

Россия Федерацияси билан инвестиция ва с...

Инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш маркази, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Инновацион...

Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари ва ...

Бугун Бухоро шаҳрида Саудия Арабистони Подшоҳлиги делегациясининг Ўзбекистон Республикасиг...

Венгриялик мутахассислар ижтимоий ва иқт...

Кеча Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасида юқори дараж...

Сўнгги янгиликлар