09/Июль/2021 Иқтисодий дипломатия
ЛИССАБОН, 9 июль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси делегацияси Португалияга борди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Лиссабон ва Порту шаҳарларида ўзбек дипломатлари Республикаси Ассамблеяси (парламенти), Ташқи ишлар, Қишлоқ хўжалиги вазирликлари, Туризм бўйича давлат котибияти, савдо ва саноат палатаси (ССП), Лиссабон, Порту, Понто де Лима шаҳар ҳокимликлари, Порту ва Минҳо университетлари ректоратлари масъуллари, шунингдек, бизнес ҳамжамияти вакиллари ҳамда Лейрия шаҳрида яшовчи ватандошлар билан учрашди.
Бундан ташқари, Португалия саноат уюшмаси (AIP) билан ҳамкорликда Ўзбекистон иқтисодий салоҳиятининг тақдимот маросими ташкил этилгани баробарида Ўзбекистон савдо-саноат палатаси ва AIP ўртасида Ҳамкорлик шартномаси имзоланди.
Амалий сафар чоғида бошқа қатор келишувларга ҳам эришилди. Ўзбекистон давлат Мустақиллигининг 30 йиллигини Лейрия шаҳрида нишонлаш, 2022 йил июнь ойида Лиссабон шаҳрида ўтказиладиган Океанлар бўйича БМТ халқаро конференциясида Ўзбекистон иштироки, Лиссабон, Порту ва Лейрия шаҳарларида бизнес-форумлар ва сентябрь ойида Ўзбекистон тақдимотларини ўтказиш шулар жумласига киради.
Музокаралар якуни бўйича Бухоро ва Порту, Тошкент ва Лиссабон шаҳарлари ўртасида шериклик муносабатларини ўрнатиш, Португалия пойтахтида икки давлат ўртасида дипломатия алоқалари ўрнатилганлигининг 30 йиллиги муносабати билан маданий тадбир ўтказиш тўғрисидаги Битим лойиҳасини ишлаб чиқиш ва имзолаш юзасидан келишувга эришилди.
Юқоридагилардан ташқари, Порту, Миньо ва Ўзбекистон университетлари ўртасида ўзаро мулоқотни йўлга қўйиш, шунингдек, Термиз шаҳридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказига грантларни жалб қилиш учун «Суриялик талабалар жамғармаси учун глобал платформа» фонди билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳам режалаштирилган.