04/Декабрь/2022 ТИВ янгиликлари
ТОШКЕНТ, 4 декабрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов Лодзь шаҳрида бўлиб ўтган ЕХҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштироки давомида Португалия ташқи ишлар вазири Жоао Гомес Кравиньо билан учрашди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
ТИВ маълумотига кўра, суҳбат чоғида томонларни қизиқтирган барча соҳаларда Ўзбекистон-Португалия ҳамкорлигини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Португалияни катта иқтисодий, технологик, маданий, интеллектуал салоҳиятга ва бой тарихга эга Европа Иттифоқидаги истиқболли ҳамкор сифатида билиши алоҳида таъкидланди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати ҳамда Португалия Ассамблеяси ўртасидаги мулоқотни ривожлантириш, ўзаро ташрифлар амалга ошириш, парламентлараро дўстлик гуруҳларини ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди.
Томонлар савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқаларни чуқурлаштиришдан ўзаро манфаатдор эканликларини тасдиқладилар.
Икки мамлакат илмий марказлари ва етакчи университетлари ўртасидаги алоқаларни йўлга қўйиш орқали маданий-гуманитар ҳамкорликни, хусусан, таълим соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон ва Португалия ҳудудлари, хусусан, Бухоро ва Порту шаҳарлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.