25/Март/2023 Таълим
ЕКАТЕРИНБУРГ, 25 март. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Бош консуллиги кўмагида Халқаро қишлоқ хўжалиги университети (International Agrar University-IAU) ректори Мунира Аминова ва Жанубий Урал давлат аграр университети (ЖУДАУ) ректори Светлана Черепухина ўртасида онлайн учрашув ташкил этилди, деб хабар қилаяпти «Дунё» АА мухбири.
Мулоқот аввалида олий таълим муасасалари фаолияти тўғрисида тақдимотлар ўтказилди.
ЖУДАУ қишлоқ хўжалиги соҳасида, хусусан ветеринария йўналишида малакали мутахассисларни тайёрлаш бўйича 90 йиллик тажрибага эга экани қайд этилди.
IAU раҳбарияти томонидан ўзбекистонлик фермерлар учун ташкил этилиши режалаштирилган семинарда ЖУДАУнинг малакали ўқитувчиларини жалб этиш, шунингдек, паррандачилик соҳасида ҳамкорлик қилишдан манфаатдорлик билдирилди.
Томонлар ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида Ҳамкорлик меморандуми лойиҳасини ишлаб чиқиш ва уни Тошкентда бўлиб ўтадиган «Иннопром» халқаро кўргазмаси давомида имзолаш масалалари хусусида ҳам фикр алмашдилар.
Учрашув ниҳоясида кейинги босқич сифатида илмий масалалар бўйича проректорлар ва кафедра мудирлари даражасида учрашувларни ташкил этишга келишиб олинди.