Uz / Ўз Ru En

Toshkent

07/Май/2021   Сиёсат

Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашнинг муҳим омилига айланмоқда - эксперт


ТОШКЕНТ, 7 май. /«Дунё» АА/. «Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий фаолиятни ривожлантириш бўйича тузган янги стратегик йўли Россия билан конструктив, прагматик ва юқори самарали сиёсат олиб боришга кўмаклашмоқда”, - деб фикр билдирди Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлил марказининг бўлим бошлиғи Мурод Узоқов “Дунё” ААга тақдим этган “Ўзбекистон – Россия ҳамкорлигининг муваффақиятлари ва истиқболлари” сарлавҳали мақоласида.

“Сўнгги тўрт йил Ўзбекистон билан Россия Федерацияси ўртасидаги кўп қиррали стратегик шерикликнинг сезиларли фаоллашуви ва иттифоқчиликнинг мустаҳкамланиши билан ажралиб турди, - деб ёзади эксперт. - Томонларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан ўзаро ишонч, тенглик, ўзаро қўллаб-қувватлаш ва фойда кўриш, бир-бирининг манфаатларини ҳурмат қилиш ҳамда ҳисобга олиш тамойилларига асосланган Ўзбекистон - Россия муносабатлари жадал ривожланиш траекториясига олиб чиқилди.

Бугунги кунда икки давлат ўртасидаги асосий ҳужжатлар сифатида Давлатлараро муносабатлар, дўстлик ва ҳамкорлик асослари тўғрисида шартнома (1992), Стратегик шерикчилик тўғрисидаги шартнома (2004) ва Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисида шартнома (2005) бўлиб, уларда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришнинг  устувор йўналишлари белгилаб берилган. Умуман олганда, шартнома-ҳуқуқ базаси 316 та давлатлараро ва ҳукуматлараро ҳужжатдан иборат.

Таъкидлаш жоизки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида олиб борилаётган Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий фаолиятини ривожлантиришга қаратилган янги стратегик йўналиш Россия билан ижобий, амалий ва сермаҳсул сиёсат олиб боришга кўмаклашмоқда, унинг ютуқлари эса барча соҳаларда ишончли ва яққол кўзга ташланиб турибди.

Биринчидан, сиёсий алоқаларнинг олий ва юқори даражадаги ривожида сезиларли ўсиш кузатилмоқда. Ўзбекистон ва Россия ўртасида дипломатия алоқалари ўрнатилгандан бери 27 та олий даражадаги ташриф амалга оширилди. Бинобарин, булар орасидаги энг муҳим ва самаралилари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилда Россия Федерациясига буюрган ташрифлари бўлиб, улар доирасида 16 миллиард долларлик ва 2018 йилда Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга ташрифи чоғида 25 миллиард доллар ҳажмдаги шартномалар имзолангани ўзаро муносабатлар ривожига кучли туртки берди. Бундан ташқари, 2020 йилда Ўзбекистон раҳбари Буюк ғалабанинг 75 йиллигига бағишланган тантанали парадда иштирок этди, шунингдек, мамлакатларимиз раҳбарлари ўртасида 6 марта телефон суҳбати бўлиб ўтди, бу эса давлатлар раҳбарлари ўртасидаги юқори даражадаги ишонч ва ҳурматдан, томонларнинг ўзаро ҳамкорликка тайёрлигидан далолатдир.

Бир пайтнинг ўзида парламентлараро алоқалар ҳам ривожланиб бормоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Россия Федерацияси Федерал Мажлисининг Давлат Думаси билан ҳамкорлик қилиш бўйича парламентлараро гуруҳ тузилган. Парламент делегацияларининг ўзаро ташрифлари фаоллашди. Сўнгги йилларда икки мамлакат қонун чиқарувчилари парламент фаолияти тажрибасини ўрганишга доир тадбирларда, турли халқаро конференциялар ва парламент ташкилотлари ишида иштирок этди. 2019 йилда Россия Федерацияси Давлат Думаси Спикери В.Володин ва Россия Федерацияси Федерация Кенгаши Раиси В.Матвиенконинг Тошкентга ташрифлари бўлиб ўтди.

2021 йилда Ҳамкорлик бўйича парламентлараро комиссиянинг бешинчи йиғилиши видеоконференция шаклида бўлиб ўтди. Апрель ойида Олий Мажлис Сенати Раиси Т.Норбоева бошчилигидаги парламент делегацияси расмий ташриф билан Россияда бўлди.

Парламентлараро мулоқот доирасида ҳамкорликнинг кўпгина йўналишлари бўйича долзарб масалалар, шу жумладан, меҳнат миграцияси ва пандемияга қарши кураш масалалари муҳокама муҳокама қилинмоқда.

Ҳукуматлараро мулоқот яхши йўлга қўйилган. Унинг устувор жиҳати сифатида 2019 йилда ташкил этилган Ҳукумат раҳбарлари даражасида икки томонлама ҳамкорлик бўйича қўшма комиссияни кўрсатиш мумкин. Ташқи алоқалар идоралари ўртасидаги алоқалар фаол равишда олиб борилмоқда, мулоқотлар давомида долзарб муаммолар ва икки томонлама алоқаларни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинади. Сўнгги ана шундай учрашув жорий йил 2 апрель куни Москвада бўлиб ўтди.

Иккинчидан, савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик даражаси сезиларли даражада ошди. 1997 йилдан бери қўшма Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўмита фаолият кўрсатмоқда. 2018 йилда 2019-2024 йиллар учун ҳукуматлараро иқтисодий ҳамкорлик дастури ва уни амалга ошириш бўйича тадбирлар режаси қабул қилинди, бу эса Ўзбекистон-Россия ҳамкорлигининг амалий чоралари кун тартибини сезиларли даражада кенгайтирди.

2020 йилда мамлакатлар ўртасидаги савдо айланмаси 5,64 миллиард долларни ташкил этди, бу 2016 йилга нисбатан қарийб 2 баравар кўпдир.

Минтақалараро ҳамкорлик ҳам фаол ривожланмоқда. Бу йўналишдаги ҳамкорликни ривожлантиришнинг ҳуқуқий асослари Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилда Россия Федерациясига давлат ташрифи чоғида имзоланган Минтақалараро ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битим билан белгиланди.

Сўнгги йилларда хўжалик юритувчи субъектлар сони сезиларли даражада ошди. 2021 йил 1 январь  ҳолатига кўра, Ўзбекистонда Россия иштирокидаги 2 минг 93 корхона мавжуд, шу жумладан, қўшма корхоналар  - 1 минг 250 та, якка тартибдаги тадбиркорлар – 843 нафарни ташкил этади. 2020 йилда республикада Россия капитали иштирокидаги 307 корхона янгидан ташкил этилди.

Россиялик инвесторлар Ўзбекистонга катта қизиқиш билдирмоқда. 2014-2020 йиллар мобайнида Россиянинг ўзлаштирилган инвестициялари ҳажми 10,4 миллиард долларни ташкил этди, шундан 1,75 миллиард доллари 2019 йилга ва 1,57 миллиард доллари 2020 йилга тўғри келади.

Мамлакатимизда Россиянинг энг йирик сармоявий лойиҳалари амалга оширилаётир. Улар қуйидагилардир: AЭС қурилиши (11 миллиард доллар); “Мустақилликнинг 25 йиллиги” конини ўзлаштириш (5,2 млрд. доллар); “Газли” газни ер остида сақлаш иншоотида газни сақлаш ҳажмининг кўпайиши (250 миллион доллар); “Жел” конини ўзлаштириш (258 миллион доллар); Сирдарё ИЭС ва Фарҳод ГЭСларини модернизация қилиш (249,2 миллион доллар); Тошкент вилоятида цемент заводи қурилиши (160 миллион доллар); Сурхондарёда иссиқхона хўжалигини ташкил этиш (320 миллион доллар). Шунингдек, инновацион технологиялар ва тажрибага эга юқори технологияли ишлаб чиқаришлар ҳам жалб қилинмоқда.

Учинчидан, Ўзбекистоннинг миллий манфаатларини таъминлаш вазифаларидан келиб чиқиб, Россия билан хавфсизлик соҳасидаги алоқалар изчил ривожланиб бормоқда. Хавфсизлик Кенгашлари котиблари бошчилигида мунтазам равишда хавфсизлик соҳасидаги учрашувлар бўлиб ўтмоқда ва 2020-2021 йилларда ушбу соҳадаги ҳамкорликни янада ривожлантириш учун дастур амалга оширилмоқда.

Икки томонлама ҳамжиҳатликнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида терроризм, экстремизм, гиёҳванд моддалар савдоси, трансмиллий уюшган жиноятчилик, ноқонуний миграция ва одам савдоси таҳдидларига қарши кураш масалалари бўлиб қолмоқда.

Тўртинчидан, кўп қиррали маданий-гуманитар ҳамкорлик ривожлантирилмоқда, 2019-2021 йилларга мўлжалланган маданий-гуманитар ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро дастур амалга оширилмоқда.

Таълим соҳасида икки мамлакат таълим муассасалари ўртасида 700 дан зиёд ҳамкорлик шартномалари тузилган. Ўзбекистонда рус тилини билиш даражаси ва ўқитиш сифатини ошириш учун "Синф!" қўшма таълим лойиҳаси ишга туширилди. Ҳозирги кунда Ўзбекистон халқ таълими тизимида 9 минг 942 та мактаб фаолият кўрсатаётган бўлса, уларнинг 955 тасида рус тили ўқитилмоқда, 74 тасида эса ўқитиш фақат рус тилида олиб борилмоқда.

Шу билан бирга республикада Россия университетларининг 12 та филиали, жумладан, Ломоносов номидаги Москва давлат университети, Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети, Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети, Москва давлат халқаро муносабатлар институти, Москва энергетика институти, Москва муҳандислик-физика институти, Менделеев номидаги Россия кимё-технология университети, Москва пўлат ва қотишмалар институти ва Санкт-Петербург давлат университети филиаллари мавжуд. Ўзбекистон-Россия таълим форуми мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда, унда Ўзбекистоннинг 80 дан ортиқ ва Россиянинг 100 дан ортиқ олий ўқув юртлари раҳбарлари олий таълим ва илм-фан муаммолари ҳамда истиқболларини муҳокама қилишда иштирок этмоқда.

2019 йилда Тошкентда ўтказилган Москва давлат халқаро муносабатлар институти (университет) битирувчиларининг V Халқаро форуми ва “Валдай” халқаро мунозара клубининг Х Осиё конференцияси муҳим воқеалардан бирига айланди. Ушбу муҳим халқаро тадбирлар томонларнинг икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга интилишини, халқаро кун тартибидаги кўплаб масалалар бўйича мамлакатларимизнинг ҳамжиҳатликка бўлган юқори ишончини намойиш этди.

Соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлик кучаймоқда. Соғлиқни сақлаш соҳасини тизимли равишда ислоҳ қилиш, тиббиёт ходимларини тайёрлаш, касалликларни даволаш бўйича клиник стандартлар ва тавсиялар бўйича тажриба алмашиш ишлари олиб борилмоқда. Томонлар пандемия тарқалишининг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича фаол қўшма чораларни кўрмоқда. Россия тадқиқот ўтказиш учун 200 мингдан ортиқ синов тизимлари ва реагентларни етказиб беришда ёрдам кўрсатди, Россиядан юртимизга “Спутник V” вакцинаси етказиб берилмоқда.

Бешинчидан, Ўзбекистон ва Россия турли халқаро ва минтақавий майдонларда самарали ҳамкорлик қилмоқда. БМТ, МДҲ, ШҲТ доирасида фаолиятнинг кўплаб жиҳатлари ва масалалари бўйича томонларнинг ёндошув ва қарашлари мос келади, илгари сурилган ташаббуслар ўзаро қўллаб-қувватланади. 2020 йилда Россия Ўзбекистон ташаббусларини амалга оширишда ва мамлакатимизнинг МДҲга раислиги кун тартибини бажаришда тўла қўллаб-қувватлади ва кўмаклашди. 2021-2022 йилларда мамлакатимиз ШҲТга раислик қилади ва бу борада ҳам  Россия билан амалий ҳамкорлик учун барча зарур шарт-шароитлар мавжуд. 2020 йилда Ўзбекистон савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга имкон берадиган Евроосиё иқтисодий иттифоқининг кузатувчисига айланди.

Жорий йил июль ойида Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик.  Таҳдидлар ва имкониятлар”  халқаро конференцияси янги транспорт йўлакларини очиш ва истиқболли бозорларни ўзлаштиришда томонларнинг ўзаро ҳамжиҳатлигини кучайтириш учун шароит яратади.

Ўзбекистон ва Россия эришилган натижаларда тўхтаб қолиш ниятида эмас. Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил Россия Федерациясига режалаштирилган давлат ташрифи ижобий анъаналарни мустаҳкамлаш ва икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини аниқлашга қаратилган.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ўзаро манфаатли, кўп қиррали ва амалий ҳамкорликни ривожлантириш барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш, аҳоли фаровонлигини ошириш, минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашнинг муҳим омилига айланмоқда.

Мавзуга оид

Саудиялик эксперт: Президент Шавкат Мир...

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош А...

Ўзбекистон ва Жанубий Корея давлат раҳб...

Бугун Президент Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин билан видеоанжума...

Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари дип...

Бугун Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Ум...

Сўнгги янгиликлар