07/Сентябрь/2022 ТИВ янгиликлари
ТОШКЕНТ, 7 сентябрь. /«Дунё» АА/. Ар-Риёд шаҳрида бўлиб турган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов бугун Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири Файсал бин Фархон бин Абдулла Ол Сауд билан музокара ўтказди, ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
ТИВ маълумотига кўра, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 17-19 август кунлари Саудия Арабистонига амалга оширган давлат ташрифи Ўзбекистон-Саудия муносабатлари тарихида янги даврни белгилаб, икки мамлакатнинг умумий қарашлари ва интилишларини яққол намоён этгани қайд этилди.
Томонларнинг олий даражада эришилган келишувлар ижросини, шу жумладан махсус "Йўл харитаси" доирасида ҳар томонлама амалга оширишни таъминлашга тайёрлиги билдирилди.
Мулоқот чоғида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, маданий-гуманитар соҳалардаги ўзаро манфаатли алоқаларни икки томонлама даражада ҳамда "Кўрфаз Араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши - Марказий Осиё" форматида янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилинди.
Ишбилармон доираларнинг тўғридан-тўғри алоқаларини ҳар томонлама рағбатлантириш, ўзаро савдо айланмасини диверсификация қилиш, саноат маҳсулотларининг қўшма кўргазмаларини ташкил этиш, сайёҳлик алмашинувларини кўпайтириш зарурлиги таъкидланди.
Маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш, Саудия жамоатчилигини Ўзбекистоннинг тарихи ва замонавий тараққиёти билан таништириш мақсадида 2023 йил Ар-Риёд ва Жидда шаҳарларида Ўзбекистон маданияти кунларини ўтказиш тўғрисида келишувга эришилди.