27/Май/2023 Ўзбекистон дунё нигоҳида
АР-РИЁЗ, 27 май. /«Дунё» АА/. Саудия Арабистонининг “Garbnews.net” электрон нашри саҳифасида Ўзбекистон ва Сингапур президентлари ўртасида ўтказилган музокаралар тафсилотларига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Журналист Рихам аль-Синдининг таъкидлашича, олий даражадаги ушбу Ўзбекистонга ташриф икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан буён ўтган 25 йилда илк бор амалга оширилган.
Музокаралар давомида сиёсий мулоқот ва парламентлараро алоқаларни янада мустаҳкамлаш, халқаро ташкилотлар доирасида ўзаро қўллаб қувватлаш, давлат бошқаруви, жамоат хавфсизлиги, маданий-гуманитар соҳаларда ўқув дастурларини амалга ошириш масалаларига катта эътибор қаратилди. Савдо, иқтисод ва инвестиция соҳаларида сезиларли ютуқларга эришилгани қайд этилди.
Жорий йил бошидан буён ўзаро товар айирбошлаш ҳажми бир неча баробар ошгани ҳолда Сингапур Ўзбекистондаги энг йирик инвесторлардан бирига айланди.
“Garbnews.net” нашрининг қайд этишича, бугунги кунда Сингапурнинг «Indorama», «Meinhardt group», «Franklin Templeton», «Enercon», «BSA», «Аэропорт Чанги» каби етакчи компаниялари ҳамда кимё ва тўқимачилик саноати, транспорт ва логистика, шаҳарсозлик соҳаларида фаолият юритувчи компаниялари билан бир қаторда, транспорт хизматлари ва хусусийлаштириш соҳаларида 3,8 миллиард АҚШ долларига тенг лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ишлар жадал суръатларда олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви Академияси негизида ташкил этилган қўшма ўқув маркази доирасида давлат бошқаруви соҳасида Сингапур тажрибасини ўраниш ва маъмурий кадрлар тайёрлаш муҳимлиги алоҳида урғуланган.
Давлат раҳбарлари Марказий ва Жануби-Шарқий Осиёдаги минтақавий интеграциянинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашиб, халқаро майдонда, авваламбор, БМТ доирасида ва Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши жараёнида ўзаро тушуниш ва қўллаб-қувватлаш юксак даражада эканини таъкидладилар, деб ёзади Саудия Арабистони ахборот ресурси.