13/Январь/2022 Марказий Осиё
ТОШКЕНТ, 13 январь. /«Дунё» АА/. Кеча Ўзбекистон транспорт вазирлигида Халқаро автомобиль ташувлари масалалари бўйича ўзбек-тожик қўшма комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Транспорт вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, Ўзбекистон транспорт вазири ўринбосари Абдумўмин Мўминов ҳамда Тожикистон транспорт вазири ўринбосари Шаиста Саидмуродзода бошчилигида бўлиб ўтган учрашувда мамлакатларимиз ўртасида халқаро автомобиль ташувлари соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама этилди.
Томонлар халқаро автомобиль ташувлари соҳасидаги икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорлик ҳолати ҳақидаги ахборотларни ўртоқлашди. Ушбу соҳада имзоланган келишувларни ҳаётга тадбиқ этилиши жараёнларининг боришига алоҳида эътибор қаратилди.
Йиғилишда коронавирус пандемияси сабабли тўхтаб қолган автобус қатновларини қайта тиклаш билан боғлиқ масалалар юзасидан фикр алмашди.
Шунингдек, «Ўзбекистон – Тожикистон – Хитой» транспорт коридорини ривожлантириш истиқболлари алоҳида кўриб чиқилди.