28/Октабрь/2022 Ҳамкорлик
ТОШКЕНТ, 28 октябрь. /«Дунё» АА/. Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган Туркий давлатлар ташкилоти Транспорт вазирлари йиғилиши доирасида кеча Ўзбекистон ва Венгрия авиация маъмуриятлари ўртасида музокаралар ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Транспорт вазирлиги маълумотига кўра, музокаралар чоғида икки давлат ўртасида мунтазам ҳаво қатновини йўлга қўйиш, тайинланган авиакомпанияларга парвозларни амалга ошириш учун тегишли ҳуқуқларни бериш ҳамда Ҳаво қатнови тўғрисида ҳукуматлараро битим лойиҳасининг якуний матнини келишиш масалалари муҳокама қилинди.
Музокаралар якунига кўра тегишли Баённома имзоланди ва Битим лойиҳасининг якуний матни келишилди. Томонлар мазкур Битим имзоланишини тезлаштириш бўйича тегишли ишларни амалга оширишга келишиб олди.