Uz / Ўз Ru En

Toshkent

31/Июль/2021   Сиёсат

Ўзбекистон ва Жанубий Корея ташқи ишлар вазирлари Сеулда икки ва кўп томонлама ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди


ТОШКЕНТ, 31 июль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов кеча Сеул шаҳрида Корея Республикаси ташқи ишлар вазири Чон Ий Ён билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

ТИВ маълумотига кўра, суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва кенгайтиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Вазирлар олий даражадаги музокаралар, хусусан, шу йилнинг январь ойида бўлиб ўтган онлайн-саммит доирасида эришилган келишувларнинг амалга ошириш жараёнини кўриб чиқдилар.

Турли даражадаги бўлажак қўшма тадбирларнинг кун тартиби ва жадвали юзасидан фикр алмашилди.

Ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари томонидан савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

Томонлар таълим соҳасида эришилган натижаларни мамнуният билан қайд этди. Ўзбекистонда Жанубий Кореянинг бешта етакчи университети филиаллари, Тошкент, Самарқанд, Шаҳрисабз ва Фарғонадаги касб-ҳунар таълими марказлари фаолият юритмоқда, мактабгача таълим тизимини ривожлантиришда Жанубий Корея тажрибаси жорий этилмоқда.

Юқори технологиялар, яшил ва рақамли иқтисодиёт соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишдан икки томон ҳам бирдек манфаатдор эканлиги билдирилди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Жаҳон савдо ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар доирасидаги ўзаро муносабатларнинг айрим жиҳатлари муҳокама қилинди.

Вазир Корея Республикасининг Корея ярим оролидаги вазиятни тинч йўл билан ҳал қилиш ва корейслараро мулоқотни қайта тиклаш борасидаги сиёсатини Ўзбекистон қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлади.

Ўз навбатида, Жанубий Корея томони Ўзбекистоннинг яхши қўшничилик муҳитини мустаҳкамлаш ва қўшни давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ҳамда Марказий Осиё минтақасидаги интеграцион жараёнларни ривожлантириш ташаббусларини олқишлади.

Музокараларда қатор халқаро ва минтақавий масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация Корея Республикасида амалий ташриф билан бўлиб турибди.

Ташриф дастурида Ташқи ишлар вазирлиги, парламент, Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA), Яшил ўсиш глобал институти (GGGI), бошқа идораларда учрашувлар ва музокаралар, шунингдек, Инчҳон шаҳридаги Жанубий Корея-Ўзбекистон бизнес маркази фаолияти билан танишув кўзда тутилган.

Мавзуга оид

Ўзбекистон ва Россия Президентлари телеф...

Бугун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россия Президенти Владимир Путин билан тел...

Рақс санъати соҳасида юқори малакали кад...

Кейинги йилларда мамлакатимизда қадимий ва бой маданий меросимиз, миллий ўзлигимиз, бетакр...

Ташқи ишлар вазири “Ўзбекистон ва БМТ:...

Ташқи ишлар вазирлиги веб-сайти хабар беришича, табдир Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низом...

Сўнгги янгиликлар