Uz / Ўз Ru En

Toshkent

Dunyo.info


СиёсатИқтисодиётДолзарбСайёҳликЎзбекистон дунё нигоҳидаЯна рукнларАрхив

01/Февраль/2020   Жамият

Ўзбекистонда чорвачилик соҳаси ривожлантирилмоқда

ТОШКЕНТ, 1 февраль. /“Дунё” АА/. Ўтаётган ҳафтада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Чорвачилик тармоғини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.


Мазкур ҳужжат чорвачилик тармоғини жадал ривожлантириш, соҳада замонавий ва инновацион услубларни жорий этиш, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва турларини кенгайтириш, шунингдек, аҳолини маҳаллий шароитда ишлаб чиқарилган сифатли ва арзон чорва маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш ҳамда чорвачиликка ихтисослашган корхоналарни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш имкониятини оширади.

Шунингдек, қарорга биноан Ўзбекистонда Чорвачилик ва унинг тармоқларини ривожлантириш республика кенгаши ташкил этилди. Мазкур янги тузилма олдига соҳада кузатилаётган муаммоларни бартараф этиш ҳамда замонавий технология ва тажрибаларни қўллаш орқали чорвачилик соҳасини янги босқичга кўтариш вазифалари белгилаб берилди.

Чорвачилик Ўзбекистон қишлоқ хўжалигининг жадал ривожланаётган соҳаларидан бири ҳисобланади. Қишлоқ хўжалигининг ушбу соҳасини қўллаб-қувватлаш орқали аҳолига арзон гўшт ва сут маҳсулотлари етказилиб берилади.

Маълумотларга кўра, юртимизда йирик шохли қорамолларнинг асосий қисми аҳоли хонадонларида боқилади. Тўғри, тизимда муаммо ва камчиликлар кўп. Улар йиллар давомида тўпланиб қолган. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, гўшт ва тирик чорва моллари нархидаги ўзгаришлар фақат Ўзбекистонда кузатилаётган ҳолат эмас.  Бу жараённи бутун дунё бозорларида ҳам кўриш мумкин.

Ўзбекистон томонидан аҳолини гўшт ва гўшт маҳсулотларига бўлган талабини қоплаш мақсадида хориждан йирик ҳамда майда туёқли моллар импорт қилинмоқда. Лекин бу катта миқдорни ташкил қилмайди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, фермерлар ва чорвадорларимиз томонидан парваришланаётган чорва моллари халқимиз эҳтиёжининг асосий қисмини қоплашга етади. Албатта, гўшт ва гўшт маҳсулотлари импорти ҳажмини камайтириш, аксинча экспорт миқдорини ошириш устувор мақсад ҳисобланади. 

Куни кеча қабул қилинган муҳим ҳужжатдан ташқари давлатимиз раҳбари томонидан юртимизда чорвачилик соҳасини ривожлантириш ва бундай фермер хўжаликларга имтиёзлар бериш юзасидан қатор фармон ва қарорлар қабул қилинган.  Жумладан,  Президентимизнинг 2019 йил 23 октябрдаги фармони билан Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси қабул қилинди. Ушбу ҳужжат доирасида замонавий ёндашув асосида соҳа модернизацияси амалга оширилмоқда. Шунингдек, 2019 йил 7 ноябрь куни давлатимиз раҳбарининг “Қорақалпоғистон Республикасида чорвачилик тармоқларини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори  ҳам қабул қилинди. Мазкур муҳим ҳужжатларда белгиланган имтиёзлар эвазига чорвачиликда яқин келажакда ижобий натижаларни қўлга киритиш кўзда тутилган.

Қишлоқ хўжалигининг ушбу соҳаси бугунги кунда ривожланиш палласини бошидан ўтказмоқда, дейиш мумкин. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда чорва моллари етиштиришга ихтисослашган кластерлар ташкил этилаётгани жиддий қадамлардан бири ҳисобланади. Ўз навбатида гўшт етиштиришга ихтисослашган хўжаликлар сонининг ошиши майда ва йирик шохли моллар етиштиришни кўпайтириш, гўшт ва гўшт маҳсулотлари таннархининг арзонлашишига хизмат қилади.

2019 йил чорвачиликни ривожлантириш дастурларига мувофиқ қорамолчилик йўналишида юртимизда кўплаб лойиҳалар ишга туширилди. Маълумотларга кўра, ўтган йил мамлакатимиз фермерлари, чорвадорлари ва кластерлар томонидан қарийб 13 миллион бош йирик шохли, 22 миллион бош майда туёқли моллар,  247 минг 274 бош отлар, 93 миллион 132 минг дан ортиқ парранда парваришланиб, ички бозор талаблари учун  2 миллион 464 минг 995 тонна гўшт ишлаб чиқарилди.

Чорвачилик соҳасини 2021 йилгача бўлган муддатда ривожлантириш борасида белгиланган чора-тадбирлар дастурига биноан 2021 йилга бориб йирик шохли қорамоллар 14 миллион 800 минг бошга, майда шохли моллар 23 миллион 127 минг бошга етказилади. Бу эса мамлакатимизда гўшт етиштиришни 26,2 фоизга ошириб, аҳоли эҳтиёжларидан ортиқчасини экспорт қилиш имконини беради.

 

Жобир Хўжақулов,

“Дунё” АА

Мавзуга оид

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида Осиё ...

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳаси regulation.gov.uz сайтида муҳокама ...

Ўзбекистон инновацион соғлиқни сақлаш ми...

Ўзбекистон инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатасига таниқли россиялик шифокор, академи...

Тошкентдаги Инҳа университетида биринчи ...

“Project Managers” компанияси “UzCard” миллий тўлов тизими ҳамкорлигида Тошкент шаҳридаги ...

Сўнгги янгиликлар