Uz / Ўз Ru En

Toshkent

23/Январь/2020   Жамият

Ўзбекистонда кўз касалликларини даволаш бўйича Марказий Осиё минтақавий ўқув маркази ташкил этилади


ВАШИНГТОН, 23 январь. /«Дунё» АА/. Бу борадаги келишув мамлакатимизнинг АҚШдаги элчихонаси вакилларининг Флорида штати Кўз тўқималари трансплантацияси тадқиқот марказига ташрифи чоғида имзоланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ўзбекистонлик дипломатлар Флорида штатининг Тампа шаҳридаги етакчи тиббий тадқиқот марказлари мутасаддилари билан қатор учрашувлар ўтказди.

Жумладан, делегация Жанубий Флорида университети ҳузуридаги Илғор тиббиёт ва симуляцияни ўрганиш маркази (CAMLS)да бўлди. Ушбу марказ АҚШдаги етакчи технологик тиббиёт тузилмасидир. Унинг фаолияти соҳада таҳсил олаётган ёшлар, меҳнат қилаётган мутахассислар ва тез тиббий ёрдам хизмати ходимларининг малака кўникмаларини ривожлантиришдан иборат.

Марказнинг таълим тизими клиник кўникма ва беморлар билан ишлаш тажрибасини ошириш мақсадида симуляция ҳамда моделлаштиришни жорий этишга асосланади.

Ташкилот бош менежери Пол Айреснинг қайд этишича, ўқув машғулотлари замонавий тиббий технологиялар, аппаратлар, дори-дармон ва беморлар жисмоний ҳолати, улар организмини тўлиқ акс эттирадиган махсус макетларда амалга оширилади.

Муассаса қабулхонасида тиббиёт ходимларининг бемор билан боғлиқ барча фаолияти – қабул чоғидаги муомала маданиятидан тортиб бемор яқинларини жарроҳлик амалиёти натижалари ҳақида хабардор қилишгача бўлган жараён таҳлил қилинади.

Марказда хорижий мамлакатлар тиббиёт ходимлари ҳам тайёрланади. Шу нуқтаи назардан, марказ вакиллари ўзбекистонлик шифокорлар учун мослаштирилган ўқув дастурини ишлаб чиқишга, шу жумладан,  CAMLS экспертларининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этишга тайёр эканини билдирди.

Мамлакатимиз дипломатик корпус вакиллари Флоридадаги Кўз тўқималари трансплантацияси тадқиқот маркази (LEITR) президенти Жейсон Вуди билан ҳам учрашди.

Тадқиқот маркази «One World Sight Alliance» ташаббуси доирасида турли мамлакатларга 12 мингдан ортиқ кўз шох пардасини етказиб бериш бўйича кўмаклашади, мунтазам равишда тўлов имконияти чекланган инсонлар кўриш қобилиятини тиклаш учун хайрия жарроҳлик амалиётларини ўтказади.

Ўзбекистонда 2019 йилда марказ томонидан беморлар кўз тўқимасини трансплантация қилиш бўйича 17 та жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Бироқ LEITR мутахассислар фикрига кўра, мамлакатда уларга бўлган талаб юқори.

Марказ раҳбари Жейсон Вудининг таъкидлашича, донор тўқима банкини ташкил этиш орқали кўз трансплантологияси технологиялари ва янги усулларини жорий этиш кўплаб инсонларни даволаш ва реабилитация қилиш, шу жумладан, шох парда патологияси муаммоларини ҳал этади.

Шу муносабат билан Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази базасида Марказий Осиё минтақаси учун минтақавий ўқув марказини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди. Ўқув марказида ходимларни тайёрлаш, донор тўқималарини сақлаш ва тарқатиш, шунингдек, шох пардаларнинг трансплантацияси ва кўзнинг бошқа касалликларини даволаш бўйича жарроҳлик амалиётлари ўтказилади.

Ушбу ташаббусни амалга ошириш шартларини атрофлича муҳокама қилиш мақсадида LEITR делегацияси Ўзбекистонга келади. Ташриф давомида шох парда трансплантацияси бўйича маҳорат дарслари ва жарроҳлик амалиётларини ўтказиш режалаштирилган.

Мавзуга оид

26 июнь – Халқаро наркотик моддаларни су...

Бош Ассамблеясининг 1987 йил 7 декабрдаги резолюциясига биноан ҳар йили 26 июнь – Халқаро ...

Низоларни судгача ҳал қилиш бўйича Апелл...

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Низоларни муқобил ҳал этишнинг механизмларини янад...

Ўзбекистон ва Буюк Британия мутахассисла...

Мамлакатимизнинг Лондондаги элчихонаси кўмагида Буюк Британия билан илмий ҳамкорлик доирас...

Сўнгги янгиликлар