23/Июнь/2022 Ватандошларимиз
ТОШКЕНТ, 23 июнь. /«Дунё» АА/. 20 июнь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг консуллик-ҳуқуқий департаментида Россия Ички ишлар вазирлигининг «Паспорт-виза хизмати» федерал давлат унитар корхонасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси маслаҳатчиси Олег Костюк билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Учрашувда Россия Ички ишлар вазирлигининг «Паспорт-виза хизмати» федерал давлат унитар корхонаси вакилига ушбу ташкилот ТИВ ҳузурида расмий аккредитациядан ўтгани ҳақидаги сертификат топширилди.
Олег Костюк аккредитациядан ўтказилганлик учун миннатдорлик билдириб, ваколатхона нафақат ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини уюшган равишда жалб қилиш бўйича «пилот лойиҳа» доирасида фаол иштирок этиш, балки фуқаролар учун турли хизматлар, хусусан, консалтинг ва ахборот хизматларини кўрсатишни ташкил этиш ниятида эканини таъкидлади.
Россия Ички ишлар вазирлигининг «Паспорт-виза хизмати» давлат унитар корхонасининг асосий фаолияти жисмоний ва юридик шахсларга миграция соҳасида ахборот ва консалтинг хизматларини кўрсатиш, шунингдек, Ички ишлар вазирлигига тақдим этилган аризалар ва бошқа ҳужжатларни қайта ишлаш бўйича хизматларни тақдим этадиган ягона тузилмадир.
Айни пайтда Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Россия Ички ишлар вазирлигининг «Паспорт-виза хизмати» федерал давлат унитар корхонаси билан мамлакатимиздан Россияга 10 минг қурувчини ишга жалб қилиш бўйича «пилот лойиҳа» доирасида ҳамкорлик қилмоқда.
«Пилот лойиҳа» меҳнат мигрантларининг Россияга кириш механизмини оптималлаштириш, иш берувчилар билдирган эҳтиёжларни ҳисобга олган ҳолда мутахассислар малакасини ошириш, шунингдек, юртдошларимизнинг Россия ҳудудига бориши учун зарур бўлган процедураларни ўтказишга қаратилган. Барча зарур тиббий ва ҳуқуқий процедуралар, шунингдек, жалб этилган ўзбекистонлик мутахассисларнинг малака текширувлари Тошкентда амалга оширилади.
Анвар Илёсов олган сурат («Дунё» АА)