12/Март/2023 Ватандошларимиз
МОСКВА, 12 марта. /ИА «Дунё»/. Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари И.М. Сеченов номидаги биринчи Москва Давлат тиббиёт университетида бўлишиб, ушбу олий ўқув юртида таҳсил олаётган ёш ватандошларимиз билан учрашув ўтказдилар, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.
Мулоқот чоғида талабаларга мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, ёшлар сиёсати, жумладан, тиббиёт соҳасида ёшларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш учун яратилган шарт-шароитлар ҳақидаги атрофлича маълумотлар тақдим этилди.
Ҳар бир маҳалладаги янги институт – "Ёшлар етакчиси", ташкил этилган "Ватандош" ва "Эл-юрт умиди" сингари жамғармаларининг фаолияти ёшларни ўқув, илмий ва ижодий фаолиятларида қўллаб-қувватлашга йўналтирилганига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, мамлакатимизда амалга оширилаётган Конституциявий ислоҳотлар, Асосий қонунга киритилаётган ўзгартишларнинг моҳияти ва аҳамияти, уларнинг ижтимоий йўналиши, киритиладиган ўзгартиришлар умумхалқ референдуми орқали амалга оширилиши ҳақида ҳам атрофлича фикр юритилди.
Дипломалар талабаларнинг консуллик ва ҳуқуқий кўмак олишлари имкониятлари ҳақидаги маълумотларни ўртоқлашганлари баробарида уларнинг барча саволларига батафсил жавоб қайтардилар.
Юқоридагилар билан бирга, университетнинг халқаро алоқалар бўйича проректори Денис Бутнар билан ҳам учрашув бўлиб ўтди.
Суҳбат чоғида университетда таҳсил олаётган ўзбекистонлик ёшларнинг юқори илмий кўрсаткичлари ва уларнинг университет томонидан олиб борилаётган лойиҳаларга фаол жалб этилаётгани қайд этилди.