Uz / Ўз Ru En

Toshkent

03/Март/2021   Ватандошларимиз

Ўзбекистонлик тадқиқотчининг Мотуридийлик таълимотига оид асарга бағишланган рисоласи Туркияда чоп этилди


АНҚАРА, 3 март. /«Дунё» АА/. Туркияда тадқиқот олиб бораётган ватандошимиз — Ўзбекистон Халқаро ислом академияси ва Анқара университи битирувчиси, фалсафа доктори А.Туйчибоевнинг Али ибн Саъид ар-Рустуфағнийга мансуб «Мухтасар Фавойид ар-Рустуфағний» асарининг илмий-танқидий нашри Истанбулдаги «Haşimî Yayınları» нашриёти томонидан чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Мазкур асар улуғ аждодимиз Имом Мотуридийнинг энг яқин шогирдларидан ҳисобланган Али ибн Саъид ар-Рустуфағнийга мансуб бўлиб, бугунги кунгача Аҳмад ибн Мусо ал-Кешшийнинг «Мажмуъ ал-ҳаводис ва ан-навозил ва ал-воқеъот» номли асари таркибида етиб келган. Маълумотларга қараганда, ар-Рустуфағний Самарқанд вилоятининг Иштихон туманидаги Бойли ота маҳалласида туғилиб, вояга етган. Вояга етгач, ар-Рустуфағний Самарқанд шағрида ўз даврининг энг забардаст уламолари – Абу Аҳмад ал-Иёдий, Абу Мансур ал-Мотуридий ва ал-Ҳаким ас-Самарқандийдан илм олган. Олимнинг Балх шаҳрига бориб, ҳанафий фиқҳининг ёрқин намояндаси, кичик Абу Ҳанифа дея эътироф этилган Абу Жаъфар ал-Ҳиндувонийдан ҳам истифода этгани нақл қилинади.

Ўрта асрларга оид табақот, яъни биография асарларида ар-Рустуфағний фиқҳ бобида «Самарқанднинг шайхи» бўлгани келтирилган. У шу даражада эътибор қозондики, ҳатто Бухорога бориб, илм мажлислари ўтказар, халқ вакилларига ваъз-насиҳатлар қиларди. Ар-Рустуфағний маҳаллий эътиқод ва мазҳабларга хос бўлмаган ёндашувларни танқид остига олиш, устози Имом ал- Мотуридийнинг соф ислом ақидасига оид қарашларини муҳофаза этишга катта ҳисса қўшди. Олимнинг турли ёт фирқалар билан бўлган мунозаралари «Мухтасар Фавойид ар-Рустуфағний» асарида ҳам кўзга ташланади.

Умуман олганда, мазкур асар фиқҳ, калом, тафсир, ҳадис, тасаввуф, ахлоқ ва ҳикмат каби кенг қамровли мазуларга оид бўлиб, X асрда мамлакатимиз ҳудудидаги энг ёрқин илм ва маърифат марказларидан бири бўлган Самарқанддаги маънавий-маърифий муҳитни баҳолаш, Мотуридийлик таълимотининг илк тараққиёт босқичини ўрганиш нуқтаи назаридан ўта муҳим аҳамият касб этади.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда халқимизнинг азалий қадриятларини, шу жумладан, бой миллий ва диний меросимизни асраб-авайлашга, тарғиб қилишга катта эътибор қаратилмоқда. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори билан ўтган йил 11 август куни ташкил этилган Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази бу йўналишдаги янги қадамлардан бири бўлди.  Бу борада элчихона кўмагида Туркияда ҳам Имом Мотуридий асарларини ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Мавзуга оид

Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонаси “Олти...

Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонаси томонидан “Олтин дафтар”га киритилган Жанубий Кореядаги...

Жанубий Кореядаги ватандошлар сармоявий ...

Сўнгги йилларда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимиз иқтисоди...

Ўзбекистоннинг Владивостокдаги Бош консу...

Мамлакатимизнинг Владивосток шаҳридаги (Россия) Бош консулхонаси ходимлари Приморск ўлкаси...

Сўнгги янгиликлар