Uz / Ўз Ru En

Toshkent

07/Май/2021   Ўзбекистоннинг хориждаги ваколатхоналарида

Ўзбекистоннинг Австриядаги элчихонаси Ўзбекистон ва Европа ҳамкорлиги истиқболларига бағишланган вебинар уюштирди


ВЕНА, 7 май. /«Дунё» АА/. Мамлакатимизнинг Австриядаги элчихонаси Вена Дипломатик академияси ҳамда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети (ЖИДУ) қошидаги Олий дипломатия мактаби билан ҳамкорликда «Ўзбекистон ва Европа ўртасида кўприк қуриш» мавзусига бағишланган вебинар ташкил этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Вебинар иштирокчиларини Ўзбекистон элчиси Абат Файзуллаев ва Вена дипломатия академияси директорининг ўринбосари Сюзанна Кепплер-Шлезингер қутлади.

Тақдимотлар ЕИ Европа ташқи сиёсат хизмати (ЕИ ЕТСХ) мутахассиси, ЕИ-Ўзбекистон алоқалари мувофиқлаштирувчиси Крис Кендал ҳамда Австрия Европа тадқиқотлари ва хавфсизлик сиёсати институти директори Велина Тчакарова томонидан тадбир қатнашчиларининг эътиборига ҳавола қилинди.

Тадбирда ЖИДУ Халқаро алоқалар кафедраси мудири Улуғбек Ҳасанов, Сиёсатшунослик кафедраси мудири Фаридун Сатторов, Халқаро иқтисодий ва сиёсий тадқиқотлар маркази тадқиқотчиси Акром Умаров ва бошқалар иштирок этди.

Онлайн-анжуман Вена дипломатия академиясининг «Facebook» ижтимоий тармоғидаги расмий саҳифасида жонли тарзда узатилди. Тадбирни  Австрия ва Европа Иттифоқининг бошқа мамлакатлари сиёсий, илмий ва эксперт-таҳлил доираларининг 600 нафардан зиёд вакили кузатиб борди.

Австрия ва Ўзбекистон эксперт ва академик доиралари вакиллари ўртасидаги ушбу тадбирнинг очилишида мамлакатимиз элчиси Ўзбекистон ва Европа ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг янги босқичи бошланишига асос бўлиб хизмат қилган мамлакатимиз ҳаётининг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақидаги маълумотлар тақдим этди.

Сюзанна Кепплер-Шлезингер ҳам Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ўзгаришларга юқори баҳо берди. У, шунингдек, Австрия ва Европанинг академик ҳамда ишбилармон доираларида Ўзбекистон билан ҳамкорликни йўлга қўйишга нисбатан қизиқиш тобора ортиб бораётганини таъкидлади.

Крис Кендал 1991 йили мамлакатимиз мустақилликка эришгандан буён Европа Иттифоқи Ўзбекистон билан фаол ҳамкорликни қўллаб-қувватлаб келаётганини қайд этди. Шу билан бирга, у 2016 йилдан кейин томонлар ўртасидаги муносабатларда кескин ўзгариш рўй берганини алоҳида таъкидлади. Европалик экспертнинг фикрича, ўша пайтдан бошлаб Европа-Ўзбекистон муносабатлари сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилиб, улар нафақат сиёсий ва иқтисодий, балки таълим, миграция, атроф-муҳит муҳофазаси, логистика ва транспорт соҳаларда ҳам жадал равнақ топгани баробарида минтақавий хавфсизликни таъминлашга ҳам хизмат қилмоқда.

ЕИ вакили сўнгги йиллар давомида икки томонлама муносабатлар борасида эришилган ютуқларни алоҳида эътироф этди. У Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи «GSP+» преференциялар умумий тизимининг бенефициар мамлакат мақомини олиши, шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати томонидан бу натижага эришиш йўлида амалга оширилган улкан ишлар ҳақида алоҳида тўхталди. Шу нуқтаи назардан, Крис Кендалл Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш ниятини маълум қилди. Европа Иттифоқи, шунингдек, унинг муассасалари бу масалада Ўзбекистон томонига барча зарур кўмакларни беришга тайёр эканига ишонч билдирди.

Хусусий сектор ва капитал бозорини ривожлантириш, инвестиция муҳитини ривожлантириш ва такомиллаштириш, инновация технологиялари, интеграция жараёнларида минтақавий ҳамкорлик, шунингдек, ижтимоий-демократик ислоҳотларни амалга оширишда институционал ҳамкорлик ўзаро муносабатларни ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари этиб белгиланди.

Мутахассислар минтақада хавфсизликни таъминлаш, шунингдек, Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик масалалари бўйича яқиндан ҳамкорлик қилиш имкониятларини ҳам қайд этди.

Мавзуга оид

American Councils Ўзбекистонга 1000 га я...

Ўзбекистон элчиси Жавлон Ваҳобов Халқаро таълим бўйича Америка кенгашлари (American Counci...

Хитойда Алишер Навоий таваллуд куни олди...

Буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги олдидан мамлакатим...

Ўзбекистоннинг Мадриддаги элчихонаси янг...

Ўзбекистоннинг Испаниядаги элчихонаси 1 майдан бошлаб қуйидаги манзилда жойлашган янги бин...

Сўнгги янгиликлар