Uz / Ўз Ru En

Toshkent

22/Апрель/2021   Медиа

Ўзбекистоннинг БМТ ва халқаро тузилмалар билан фаол ҳамкорлиги Индонезия оммавий ахборот воситалари диққат марказида


ЖАКАРТА, 22 апрель. /«Дунё» АА/. Индонезиянинг етакчи «Suara» янгиликлар сайтида «Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ҳимоясини яхшилаш бўйича БМТ ва халқаро ташкилотлар билан фаол ҳамкорлик қилмоқда» сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Рза Гунадха ва Ҳикмаван Муҳаммад Фирдавс ҳаммуаллифлигидаги мазкур материалда Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида катта натижаларга эришгани баён этилган. Уларга кўра, мамлакат БМТ ва кўплаб халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилмоқда ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ўзига хос моделини шакллантирди.

«Республика инсон ҳуқуқлари бўйича 80 дан ортиқ асосий халқаро ҳужжат, шу жумладан, БМТнинг 6 та асосий шартномаси ва 4 та Ихтиёрий баённомага қўшилди. Уларнинг бажарилиши тўғрисида миллий маърузалар БМТнинг инсон ҳуқуқлари механизмининг турли органларига мунтазам равишда тақдим этилмоқда», деб ёзади нашр.

 Материалда БМТ ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик мамлакат 1992 йил 2 март куни ушбу етакчи халқаро ташкилотга тўлақонли аъзо сифатида қўшилгандан бери 30 йил давомида изчил ривож топаётганига алоҳида эътибор қаратилган.

«Ўзбекистон билан БМТнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳамкорлиги доирасида сўнгги тўрт йил ичида жуда муҳим натижаларга эришилди», деб таъкидланади мақолада.

Ушбу ҳамкорлик доираси хавфсизликка таҳдидларга қарши курашиш, Афғонистонда вазиятни барқарорлаштириш ва мамлакат иқтисодиётини тиклаш, оммавий қирғин қуроллари тарқалишининг олдини олиш, экологик муаммоларни ҳал этиш, айниқса, Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш, барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, шунингдек инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш ва бошқа муҳим чораларни қамраб олган.

2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш доирасида мамлакатимизнинг БМТ билан алоқалари сезиларли даражада фаоллашгани, республика БМТ Бош Ассамблеяси ва унинг махсус органлари фаолиятида фаол иштирок этаётгани қайд этилган.

«Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 72- ва 75-юбилей сессияларидаги иштироки муҳим воқеа бўлди, - дейилади мақолада. - Ҳамкорликнинг янги муҳити туфайли Ўзбекистон БМТнинг барча соҳаларидаги жараённинг фаол иштирокчиси бўлиб, бу ташкилотга аъзо мамлакатларнинг Ўзбекистон билан муносабатларига ижобий таъсир кўрсатмоқда».

Мақолада Ўзбекистоннинг БМТ доирасида илгари сурган барча ташаббуслари халқаро ҳамжамият томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланганаётгани ва бугунги кунда умумбашарий тинчлик, барқарорлик ва барқарор тараққиётни таъминлаш, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга муҳим амалий ҳисса қўшаётгани таъкидланган.

Мамлакатда БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш бўйича миллий индикаторлар ишлаб чиқилган. Шу билан бирга, Ҳаракатлар стратегияси БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш бўйича «йўл харитаси»дир.

Нашрда таъкидланишича, Ўзбекистонда демократия ва инсон ҳуқуқларининг замонавий мезонларига жавоб берадиган барқарор сиёсий тизим яратилган, қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятлари фаол иш олиб бормоқда.

«Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари ичида биринчилардан бўлиб инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг самарали тизимини яратди, унинг таркибига парламент омбудсмани, болалар омбудсмани, бизнес омбудсмани ва инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ киритилган», деб таъкидлаган «Suara» нашри.

Мавзуга оид

Мисрнинг “Ал-Хабар ал-ёум” газетаси Ўзбе...

Миср матбуоти мамлакат жамоатчилигини Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги сўнгги янги...

Саудия Арабистонидан муносабат: Ўзбекист...

Саудия Арабистонининг етакчи халқаро нашрларидан бири - «Asharq Al-Awsat» газетасида моли...

Тошкентда МДҲ ижодий ва илмий зиёлилари ...

МДҲга аъзо давлатлар ижодий ва илмий зиёлиларининг XV форуми жорий йил ноябрь ойида Тошкен...

Сўнгги янгиликлар