13/Декабрь/2021 ТИВ янгиликлари
ТОШКЕНТ, 13 декабрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатия ваколатхоналари раҳбарлари шанба куни Тошкент вилоятида бўлди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Вилоят ҳокими ўринбосари Нажмиддинхўжа Шарипов билан ўтказилган учрашувда ҳудуддаги инвестиция лойиҳаларнинг ҳозирги ҳолати ва янги истиқболли лойиҳаларни хорижий сармояларни жалб қилган ҳолда амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Дипломатия ваколатхоналари раҳбарлари Тошкент вилоятини 2022 йилда ривожлантиришнинг устувор йўналишлари билан танишди. Хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва экспортни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича вилоятнинг туман ва шаҳарлари билан ўзаро ҳамкорлик бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Хусусийлаштиришга мўлжалланган давлат активлари бўйича тақдимот ўтказилди.
Ангрен шаҳрида «G2B» шаклида дипломатия ваколатхоналари раҳбарларининг маҳаллий тадбиркорлар ва экспортчилар билан учрашуви ташкил этилди. Маҳаллий ишбилармонлар Афғонистон, Россия, Хитой, Озарбайжон, Қозоғистон, Тожикистон ва Эрон бизнес доиралари вакиллари билан ҳамкорликни жадаллаштиришга катта қизиқиш билдирди.
Дипломатик миссия раҳбарлари “Ангрен” эркин иқтисодий зонаси (ЭИЗ)нинг инвестицион салоҳияти билан танишди. Элчиларга ЭИЗнинг имкониятлари ва фаолият йўналишлари, истиқболли соҳалар, лойиҳалар ва экспорт салоҳияти, яратилган шароитлар тўғрисида маълумот берилди.
Элчилар Тошкент вилоятида ўзларига бириктирилган ҳудудлар вакиллари билан учрашиб, туманларнинг иқтисодий салоҳияти, табиий ва меҳнат ресурслари, “ўсиш нуқталари” ва янги лойиҳаларини ўрганди.
Вилоят раҳбарияти ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида элчихоналар томонидан кўрсатилаётган ёрдам учун миннатдорлик билдирди. Хусусан, 2021 йил давомида вилоятдаги маҳаллаларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш мақсадида элчихоналар томонидан умумий қиймати қарийб 100 минг долларни ташкил этувчи 35 дона компьютер техникаси, 40 дона тикув машинаси, 46 дона ногиронлар аравачаси, 4,2 минг дона шахсий ҳимоя воситалари ва коронавирус тестлари, 96 дона ўқув қуроллари етказиб берилди.
Дипломатик ваколатхоналар раҳбарларининг ташрифи якунлари бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, жумладан, таълим, соғлиқни сақлаш, маҳсулотлар экспортини рағбатлантириш, маҳаллалар ва аҳолининг ночор қатламларига беғараз ёрдам кўрсатиш учун “Йўл харитаси”ни тайёрлаш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Бугун эрта тонгда Ўзбекистон дипломатлари Нукусга учиб кетди. Улар ўзларига бириктирилган шаҳар ва туманларда бўлиб, ҳамкорлик бўйича аввал эришилган келишувларни амалга оширилиш жараёнини муҳокама қилади ҳамда 2022 йил учун биргаликдаги ишлар режаларини тузади.