Uz / Ўз Ru En

Toshkent

29/Октабрь/2020   Сайёҳлик

Ўзбекистоннинг Италиядаги туризм элчиси тайинланди


РИМ, 28 октябрь. /«Дунё» АА/. Мамлакатимизнинг Италиядаги элчихонасида  италиялик таниқли хонанда Гуя Канинога Ўзбекистоннинг Италиядаги туризм бренди элчиси сертификатини топшириш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Гуя 1992 йил Флоренцияда қўшиқчи Алессандро Канино оиласида туғилган. А.Канино 1992 йил Миланда ўтказилган Халқаро кўнгилочар гран-прида «Brutta» қўшиғи учун «Йилнинг мусиқий кашфиёти» номинациясида «Telegatto» мукофотини қўлга киритган.

Гуя Канино «Hit Italy»  мусиқий гуруҳининг солисти ва «International Star Music» халқаро агентлигининг вакили ҳисобланади. У Риккардо Фольи, Альбано Карризи, «Ricchi e Poveri» гуруҳи, Тото Кутуньо, Умберто Тоцци, Пупо ва бошқа италиялик машҳур санъаткорлар билан бир саҳнада қўшиқлар ижро этади.

Санъаткор Италия ёшлари орасида машҳур бўлиб, фаол ҳаётий позиция ва кенг алоқаларга эга, фаолиятида ижтимоий тармоқлардан фойдаланишга катта эътибор беради.

Тадбирда элчи Отабек Акбаров сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги муносабатларда янги ривожланиш суръати кузатилаётганини таъкидлади. Маданий-гуманитар ва сайёҳлик соҳаларидаги ҳамкорлик, Италияда Ўзбекистон сайёҳлик маҳсулотлари қв йўналишини фаол тарғиб қилишга муҳим аҳамият қаратилаётганини қайд этди.

Элчи Гуи Канинони ушбу шарафли лавозимга тайинлангани билан қутлаб, Италиянинг жамоат, таълим ва бизнес вакилларини жалб қилиш орқали Ўзбекистон «дўстлари ва шериклари доирасини» кенгайтириш, Италия ва Европада мамлакатимиз тарихий ва маданий меросини оммалаштириш бўйича фаол қўшма лойиҳаларни амалга оширишига ишонч билдирди.

— Ўзбекистоннинг Италиядаги биринчи туризм бренди элчиси бўлиш мен учун катта шараф, — деди Гуи Канино. — Бир неча бор Ўзбекистонда бўлганман, мамлакат менга жуда ёқади. Туризм соҳасида қўшма лойиҳалар амалга оширишга тайёрман. Ушбу лавозимда менга юклатилган вазифаларни муносиб бажариш учун бор имкониятларимни ишга соламан. Дунёда ҳукм сураётган бугунги синовли даврда кучларимизни бирлаштиришимиз зарур. Маданият ва санъат эса  халқларимиз ва мамлакатларимизни янада яқинлаштиришга имкон беради.

Шунингдек, тадбирда санъаткорнинг  продюсери Силвиа де Иезо ва «Italia Unica Events» компанияси президенти Александра Дашевская сўзга чиқди. Улар Г.Канинонинг яхши инсон ва истеъдодли қўшиқчи сифатидаги фазилатлари ва қобилиятини юқори баҳолади. Бундай жамоа билан ҳамкорлик Ўзбекистон ва Италияда йирик қўшма маданий лойиҳаларни амалга оширишга йўл очишига ишонч билдирилди.

Мавзуга оид

Ўзбекистон – Буюк ипак йўли дурдонаси...

Нидерландиянинг «Sufi Trail» сайтида таниқли бельгиялик фотожурналист Жон Рейнхарднинг Ўзб...

Тошкент халқаро туристик ярмаркаси доира...

«Ипак йўлида туризм 2020» Тошкент халқаро туристик ярмаркаси доирасида кеча видеоконферен...

Тошкент ресторанларида ўзбек миллий таом...

Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва мамлакатимизнинг Франкфу...

Сўнгги янгиликлар