Uz / Ўз Ru En

Toshkent

Dunyo.info


СиёсатИқтисодиётДолзарбМаданиятСайёҳликМедиаЯна рукнлар

06/Апрель/2021   Ватандошларимиз

Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонаси “Олтин дафтар”ига киритилган хоразмлик ватандошлар юртимизда ўз лойиҳаларини амалга оширишга киришди


СЕУЛ, 6 апрель. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонаси томонидан “Олтин дафтар”га киритилган Жанубий Кореядаги тадбиркор юртдошларимиз мамлакатимизда ўз лойиҳаларини амалга оширишни бошлади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 октябрдаги “Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида чет давлатлардаги дипломатик ваколатхоналаримизда “Олтин дафтар”лар ташкил этилди. Жанубий Кореядаги элчихонамиз ходимлари томонидан ушбу давлатда кўп йиллардан буён меҳнат фаолияти олиб бораётган, тадбиркорлик билан шуғулланиб келаётган юртдошларимизни мамлакатимизда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга жалб қилиш бўйича тизимли иш олиб борилмоқда.

Жанубий Кореянинг турли шаҳарларида ташкил этилган учрашув ва муҳокамалар натижасида мамлакатимизда умумий миқдори 15 миллион доллардан зиёд сармоя киритиш орқали инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш таклифини билдирган 100 нафардан ортиқ юртдошимиз киритилган “Олтин дафтар” шакллантирилди. Шунингдек, Жанубий Корея бозорига 500 минг долларлик миллий маҳсулотларимиз экспортини амалга оширишга эришган тадбиркор юртдошларимизнинг “Олтин тахтаси” ҳам ташкил этилди.

“Олтин дафтар”га киритилган лойиҳаларнинг бизнес режаларини республикамиз ҳудудларида амалга оширилишини таъминлаш мақсадида маҳаллий ҳокимликларнинг масъул ходимлари ҳамда ватандошларимиз иштирокида видеоалоқа орқали мунтазам равишда мулоқот олиб борилмоқда. Видеотадбирлар давомида юртдошларимиз саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш, ижтимоий ва бошқа соҳаларда қатор лойиҳаларни амалга ошириш режаларини таклиф қилди.

Жумладан, Д. Абдуллаев Хоразм вилоятининг Ҳазорасп туманида автоуловларга техник хизмат кўрсатиш шаҳобчаси ва савдо дўконини ташкил этиш таклифини билдирди. Ушбу таклиф туман ҳокимияти ва тегишли ташкилотлар мутасадди ходимлари томонидан ўрганиб чиқилди ва тўлиқ қўллаб-қувватланди. Тадбиркор 2020 йил август ойида вилоят ҳокимлиги томонидан ташкил этилган аукцион савдода лойиҳа учун керакли бўлган ер майдони харид қилди. Ҳокимлик томонидан барча зарур ҳужжатлар тезкорлик билан расмийлаштириб берилиши лойиҳа бўйича амалий ишларни бошлаш имконини яратди.

“Лойиҳа тўлиқ ишга тушгач, дастлаб 5 та янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган. Кейинчалик эса бинонинг иккинчи қаватини қуриш ҳисобига аҳолига маиший хизмат кўрсатиш маскани ва тикувчилик цехи ташкил этишни режалаштирганмиз”, - деди тадбиркор юртдошимиз.

Шунингдек, юртдошимиз Ж. Отажонов Янгиариқ туманидаги фермер хўжалиги қошида туризмга мўлжалланган дам олиш масканини ташкил этиш, туяқуш ва бошқа ноёб жониворларни кўпайтириш лойиҳаси учун қўшимча 3 гектар ер майдони ажратиш таклифи билан мурожаат қилди.

“Мен ҳозир Кимхэ шаҳрида меҳнат фаолиятимни олиб бораяпман, - дейди у. - 2019 йил сентябрь ойида оила аъзоларим тадбиркорлик фаолияти учун 40 тага яқин туяқуш олиб бердим ва фермер хўжалигида уларни кўпайтиришга киришилди. 2020 йил июль ойида мамлакатимизнинг Жанубий Кореядаги элчихонаси вакиллари Кимхэ шаҳрида учрашув ўтказиб, мамлакатимизда тадбиркорлик учун яратилаётган кенг имкониятлар ҳақида сўзлаб берди ва юртимизга сармоя киритиш орқали тадбиркорлик фаолиятини олиб бориш масалаларини муҳокама қилди.

Мазкур суҳбатларда Янгиариқ туманидаги тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш мақсадимиз борлигини айтиб, тегишли таклифларимизни маълум қилдик. Натижада элчихона томонидан Хоразм вилояти ва туман ҳокимликлари мутасадди раҳбар ва ходимлари иштирокида видеоалоқа орқали мулоқотлар олиб борилди ва таклифларимиз маҳаллий ҳокимият томонидан ўрганиб чиқилиб, лойиҳалаштириш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди. Ҳозирда лойиҳалаштиришнинг дастлабки босқичи якунланди. Энди қурилиш ишларини бошлаш мақсадида белгиланган ер майдонини тайёрлаш ишларини бажармоқдамиз”.

Лойиҳаларимизни чорвачилик йўналишида кенгайтириш ниятидамиз. Бу билан янги иш ўринлари ва аҳоли даромадини кўпайтиришга ҳисса қўшамиз, деган умиддамиз”.

Жанубий Кореядаги ватандошларимизнинг юртимиздаги тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва улар томонидан таклиф этилган лойиҳаларни амалга оширишни таъминлаш мақсадида маҳаллий ҳокимиятлар, элчихона ва тадбиркор юртдошларимиз ўртасида шу каби мулоқотлар мунтазам равишда олиб борилмоқда.

Мавзуга оид

Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг яна...

Бугун, 6 май куни «Е-8» визаси асосида мавсумий ишларда вақтинча фаолият олиб бориш учун Ў...

Элчихонада Россия Мудофаа вазирлиги олий...

Ўзбекистон ва Россия мудофаа вазирликлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг 2021 йилга мўлжал...

Ўзбекистон элчихонаси вакиллари Жанубий ...

Бугун мамлакатимизнинг Сеулдаги элчихонаси томонидан Жанубий Кореянинг Ульсан шаҳрида Банд...

Сўнгги янгиликлар