Uz / Ўз Ru En

Toshkent

06/Июль/2020   Долзарб

Пандемия минтақа давлатлари билан ҳамкорлигимизга қай даражада таъсир кўрсатмоқда?


Бугун Ўзбекистоннинг тинчликпарвар ва яхши қўшничилик сиёсати кенг халқаро жамоатчилик, шу жумладан, Яқин ва Ўрта Шарқ, Жанубий Осиё, Осиё-тинч океани минтақаси давлатлари томонидан эътироф этилмоқда.

Хусусан, Афғонистондаги вазиятни юмшатиш борасида Ўзбекистон муносабати, пандемия шароитида бир неча давлатлар билан бир-бирини моддий ва маънавий қўллаш борасидаги беғараз инсонпарварлик ёрдамларини бунга мисол қилиб келтириш мумкин.

Аниқ фактларга тўхталадиган бўлсак, маълумотларга кўра, айни пайтда  Жанубий Осиё, Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатлари билан инвестициявий ҳамкорлик қарийб 1 миллиард 900 миллион доллар миқдоридаги 60 дан зиёд лойиҳани қамраб олган. Хўш, бу инвестиция ва келишувлар айнан қайси соҳаларни қамраб олган? Пандемияининг бу лойиҳаларга салбий таъсири сезилдими? Бугун Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат СИДДИҚОВ билан ана шу масалаларда батафсилроқ маълумот олиш учун суҳбатлашдик.

Мамлакатимиз Осиё-Тинч океани минтақаси, Яқин Шарқ ва Жанубий Осиё мамлакатлари билан қайси йўналишларда стратегик ҳамкорлик қилмоқда? Бу жараёнда қандай долзарб масалалар бўйича келишувларга эришилди?

— Осиё-Тинч океани минтақаси Ўзбекистон учун сиёсий ҳамкорлик ва янги бозорларни ўзлаштириш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга. Минтақада ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш ҳажми 70 фоизга етиши кутилмоқда. Юқори технологияларни энг йирик экспортчилари ҳам, импортчилари ҳам айнан шу ерда жойлашган.

Хитой Халқ Республикаси, Корея Республикаси ва Японияминтақадаги энг йирик ҳамкорларимиз экани ҳеч кимга сир эмас.

Ўзбекистон кучли иқтисодий, индустриал ва интеллектуал салоҳиятга эга Хитой билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга стратегик масалалардан бири сифатида қаралади. Бугунги кунда икки давлат ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, молиявий, ҳарбий ва ҳарбий-техникавий, маданий, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, фан ва таълим соҳаларидаги ҳамкорлик жадал ривожланмоқда.

Икки мамлакат ўртасидаги олий ва юқори даражадаги мунтазам учрашувлар, жумладан давлат раҳбарларининг 2017-2020 йиллардаги музокаралари ва сиёсий иродаси натижасида стратегик шериклик муносабатлари сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди.

Хусусан, 2019 йил мамлакатимиз иқтисодиётига жалб қилинган ва ўзлаштирилган Хитой сармоясининг умумий ҳажми 9,8 миллиард доллардан зиёдни ташкил этди. Шунингдек, 100 миллион долларга яқин грантлар жалб этилди.

Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик ҳам алоҳида эътиборга молик. Олий даражадаги мулоқотлар самарасида мамлакатларимиз ҳамкорлиги барча йўналишларда изчил ривожланиб бормоқда.

2017 ва 2019 йиллар амалга оширилган олий даражадаги ташрифлар якуни бўйича умумий қиймати 20 миллиард доллардан зиёд келишувларга эришилди ва бунинг самарасида турли соҳалардаги ўзаро манфаатли ришталар янада мустаҳкамланди.

2019 йилда муносабатларимиз алоҳида стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Бу томонларнинг ҳамкорликка содиқлиги, дўстлиги ва ўзаро ишончидан далолатдир.

Ўзбекистон Жанубий Корея билан, айниқса, таълим соҳасида қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда. Ҳозирги кунда юртимиздаги 13 та олий таълим муассасаси, 48 та мактаб ва лицейда корейс тили ўқитилади. Мамлакатимизда Инха, Пучон, Ёджу университетлари филиаллари ва Корея халқаро университети фаолият юритмоқда. Айни пайтда Аджу ва Кёнгин университетлари филиалларини очиш бўйича музокаралар давом этмоқда.

Ўзбекистон сўнгги йилларда барча соҳаларда ҳамкорликни ривожлантираётган яна бир мамлакат бу – Япониядир.

Япония улкан иқтисодий, индустриал ва интеллектуал салоҳиятга эга давлат. Иқтисодий тараққиёт бўйича дунёда учинчи ўринда турадиган кунчиқар мамлакат «Катта еттилик» давлатлари қаторига киради. Халқаро майдонда ҳам ўзига хос мавқега эга.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йил 17-20 декабрь кунлари Японияга илк расмий ташрифини амалга оширди. Бу Ўзбекистон – Япония муносабатлари тарихида муҳим воқелик сифатида эътироф этилди.  Ўз навбатида, ушбу ташриф сиёсий, савдо-иқтисодий, молиявий, инвестициявий, технологик, илмий ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларимизни, стратегик шериклигимизни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқди.

Ўзбекистон ва Яқин Шарқ: айнан қайси соҳаларда ҳамкорлик кўлами кенгроқ?

— Ўзбекистон ва Яқин Шарқ мамлакатларини географик жиҳатдан яқинлик, умумий тарих, маданий ва маърифий қадриятлар бирлаштириб туради. Айнан шу омиллар Ўзбекистоннинг минтақа давлатлари билан алоқаларини мустаҳкамлашга замин яратмоқда.

Сўнгги йилларда араб давлатлари билан барча соҳаларда ҳамкорлик кўлами кенгайди. Бу ҳам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари ва саъй-ҳаракатлари самарасидир. Хусусан, давлатимиз раҳбари 2017 йил 21 май куни Саудия Арабистонига, 2019 йил 26 март куни Бирлашган Араб Амирликларига сафар қилди, 2018 йил сентябрь ойида Миср Араб РеспубликасиПрезиденти Абдулфаттоҳ ас-Сиси Тошкентга ташриф буюрди.

Ушбу олий даражадаги музокаралар доирасида ўзаро ҳамкорликни ҳар томонлама кенгайтириш, савдо-иқтисодий, инвестициявий, энергетика, банк-молия, қишлоқ хўжалиги, маданий-гуманитар, сайёҳлик ва бошқа соҳалардаги ришталарни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Президентимизнинг Бирлашган Араб Амирликларига ташрифи чоғида 10 та муҳим ҳужжат ва қиймати 10 миллиард долларга тенг 11 та инвестиция битими имзоланди. Миср Араб РеспубликасиПрезидентининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида 4 та ҳукуматлараро, 7 та идоралараро ҳужжат ва қарийб 500 миллион долларга тенг 11 та инвестиция битими бўйича келишувга эришилди.

Минтақа давлатлари ташқи сиёсат маҳкамалари ўртасида мунтазам сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказилмоқда. 2017-2020 йилларда Саудия Арабистони, Кувайт, БАА, Исроил, Марокаш, Иордания, Миср билан ўтказилган сиёсий мулоқотлар шулар жумласидандир.

Фурсатдан фойдаланиб, ЎзбекистоннингИслом ҳамкорлик ташкилоти(ИҲТ) билан ҳамкорлик алоқаларига алоҳида тўхталмоқчиман. Биз ушбу ташкилотни муқаддас динимизни тинчлик ва тараққиёт омили сифатида илгари суриб келаётган нуфузли ва самарали халқаро форум сифатида эътироф этамиз.

Мазкур тузилма билан алоқаларнинг бугунги ҳолати томонларни тўла қаноатлантиради. Давлатимиз раҳбари 2016 йил 18-19 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида ўтган ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессиясида иштирок этиб, мазкур кенгашга Ўзбекистон раислиги даврида амалга оширилиши кўзда тутилган устувор мақсадларни белгилаб берди. Шунингдек, 2017 йил 10 сентябрь куни Остона (Нур-Султон)шаҳрида бўлиб ўтган ИҲТнинг Фан ва технологиялар бўйича биринчи саммитида Президентимизнинг илм-фан, маънавият ва маърифатни янада ривожлантириш билан боғлиқ амалий ташаббуслари ташкилотга аъзо мамлакатлар томонидан қўллаб-қувватланиб, ҳаётга кенг татбиқ этилмоқда.

Ўзбекистоннинг Эрон билан ҳам муносабатлари тобора ривожланиб бормоқда. Хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар Ўзбекистон – Эрон ҳамкорлигини сифат жиҳатидан янги даражага кўтариш, сиёсат, савдо-иқтисод, сармоялар, маданият ва туризм жабҳаларидаги алоқаларни янада кенгайтириш учун муҳим имконият яратди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда Эрон инвестициялари иштирокида 267 корхона ташкил этилган, уларнинг 125 таси 100 фоиз Эрон сармояси асосида фаолият кўрсатяпти.

«Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон-Ўмон» транспорт йўлагини барпо этиш тўғрисидаги тўрт томонлама Ашхобод битимини ҳаётга татбиқ этиш борасида икки мамлакат ўртасида фаол ҳамкорлик олиб борилмоқда.

Икки мамлакатнинг илмий-тадқиқот, спорт ва таълим муассасалари вакиллари Ўзбекистон ва Эронда ўтказиладиган турли тадбирларда қатнашиб келмоқда. Хусусан, Ўзбекистон ва Эрон спортчилари ўртасидаги самимий рақобат халқаро мусобақалар, Осиё ва жаҳон чемпионатларида дўстона руҳда кечади.

Икки томонлама муносабатларнинг шартнома-ҳуқуқий асосини савдо, иқтисодиёт, транспорт, туризм, маданият, шунингдек жиноятчиликка қарши курашишга оид 55 та ҳужжат ташкил этади.

Жанубий Осиёдавлатлари билан эришилган келишувларнинг ижобий натижаларини айнан нималарда кўриш мумкин?

— Мамлакатимиз Жанубий Осиё давлатлари билан ҳамкорлик алоқаларини узоқ муддатли ва кўп қиррали шериклик асосида олиб бормоқда. Хусусан, Ўзбекистон ва Ҳиндистон раҳбариятлари ўртасидаги алоқалар тубдан янги мазмун касб этди. 2018-2020 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ҳиндистонга давлат ва амалий ташрифлари ташкил этилди. Бундан ташқари Циндао ва Бишкекдаги Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ)га аъзо давлатлар раҳбарлари саммитида икки мамлакат етакчилари ўртасидаги музокаралар очиқ ва конструктив руҳда ўтди.

Нуфузли халқаро ташкилотлар доирасида бир-бирини қўллаб-қувватлаш, ташаббусларни илгари суришда ҳам ҳамкорлик тобора ривожланмоқда. Жумладан, Ҳиндистон томони Ўзбекистон номзодини 2021-2023 йилларда БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши аъзолигига қўллаб-қувватламоқда. Ўз навбатида, Ўзбекистон Ҳиндистон номзодини 2021-2022 йиллар учун БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий бўлмаган аъзолигига илгари сурди.

Мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий базаси 110 га яқинҳужжат билан мустаҳкамланган. Шундан 20 та шартнома Ҳиндистонга олий даражадаги ташрифлар доирасида имзоланган. Айни пайтда яна 20 га яқин ҳужжат имзолашга тайёрланмоқда.

Мамлакатимизнинг Исломободдаги элчихонасида беш йил раҳбарлик қилдим. Айтишим мумкинки, сўнгги йилларда Покистон Ислом Республикаси билан барча йўналишларда алоқаларимиз янги босқичга кўтарилди. Чунки Ўзбекистон ва Покистон раҳбарларининг олий даражадаги учрашувлари ўзаро муносабатларимизни янада яхшилашга имкон берди. Жумладан, 2017-2019 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Покистон Ислом Республикаси Президенти ва Бош вазири билан кўп томонлама анжуманлар доирасида тўрт бор учрашди. Мулоқотлар жараёнида эришилган келишувлар давлатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги муносабатларни сифат жиҳатдан янги даражага олиб чиқишга хизмат қилмоқда.

Умуман олганда, айни пайтда Жанубий Осиё, Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатлари билан инвестициявий ҳамкорлик қарийб 1 миллиард 900 миллион доллар миқдоридаги 60 дан зиёд лойиҳани қамраб олган.

Коронавирус пандемияси минтақа давлатлари билан ҳамкорлик алоқаларимизга қай даражада таъсир кўрсатди?

— Саволингиз ўринли. Афсуски, коронавирус пандемияси  халқаро муносабатларга ва глобал иқтисодиётга ўз салбий таъсирини кўрсатмай қолмади.Аммо, шуни мамнуният билан таъкидлаш жоиз, эпидемия шароитига қарамасдан Ўзбекистон ўзининг ташқи ҳамкорлари билан мулоқотни бир дақиқага бўлса-да, сусайтиргани йўқ. Балки ҳамкорликнинг янги ва ноанъанавий шакллари йўлга қўйилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон олий ва юқори даражада видеоконференция ҳамда интерактив усулда Хитой, Жанубий Корея, Япония, БАА, Покистон, Ҳиндистон ва бошқа етакчи мамлакатлар билан мунтазам мулоқотлар, музокаралар ташкил этиб келмоқда. Бунинг натижасида коронавирусга қарши биргаликда курашиш, пандемия шароитида иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, инвестициявий ҳамкорлик масалаларида юзага келаётган муаммоларга тезкор ечимлар топилмоқда.  

Бундан ташқари, коронавирусга қарши курашиш доирасида Ўзбекистон ўз ҳамкорлари билан беғараз асосда инсонпарварлик ёрдами алмашинувларини амалга оширди.

Жумладан, жорий йил февраль-март ойларида Хитойга 202,8 минг доллар миқдорида инсонпарварлик ёрдами юборилди. Хитойдан Ўзбекистонга эса март-июнь ойларида тиббий жиҳозлар жўнатилди. Бундан ташқариCOVID-19 билан оғриган беморларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, уларни жаҳон соғлиқни сақлаш стандартлари бўйича даволашга кўмаклашиш мақсадида хитойлик 15 нафар шифокор ўзбекистонлик ҳамкасблари билан биргаликда фаолият юритди.

Жанубий Кореядан юборилган инсонпарварлик кўмаги ҳам коронавирус билан оғриган беморларни даволашда қўл келди. Ушбу давлат 250 минг доллар миқдоридаги тест тизимларини юборди. Шунингдек, коронавирусни даволашда катта тажрибага эга бўлган икки нафар шифокор мамлакатимиз мутахассислари билан ёнма-ён иш олиб борди.

Сеулдаги элчихонамиз томонидан бу йўналишда катта ҳажмдаги ишлар бажарилди, дейиш мумкин. Дипломатик миссия кўмагида коронавирус пандемияси даврида аҳолини қўллаб-қувватлаш учун мамлакатимизга 1,1 миллион доллар миқдоридаги ёрдам юклари юборилди. Жанубий Кореяда яшаётган ватандошларимиз ҳам ушбу жараёнда четда қараб туришгани йўқ. Улар 45 минг долларлик молиявий ёрдам кўрсатди.

Япония ҳукумати Ўзбекистонга коронавирусга қарши курашиш мақсадлари учун 10 миллион доллардан зиёд маблағ ажратишга қарор қилди. Шунингдек, айни пайтда Япония билан давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш мақсадида 300-500 миллион АҚШ доллари миқдорида кўмак ажратиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

Шунингдек, ўтган вақт мобайнида мамлакатимизга БАА томонидан 40 тоннага яқин турли тиббий восита ва анжомлар, Ҳиндистондан зарур дори воситалари ва Покистондан тиббий жиҳозлар тақдим этилди.

Бундан ташқари, коронавирус пандемияси даврида авиақатновлар тўхтатилгани сабабли Жанубий Осиё, Яқин ва Ўрта Шарқ ҳамда Африка минтақасида бўлиб турган 3 минг 200 нафардан зиёд (БАА – 1777, Ҳиндистон – 732, Миср – 340, Саудия Арабистони – 114, Исроил – 110, Қатар – 61, Ўмон – 43, Покистон – 22, Шри-Ланка – 17, Бангладеш – 11) юртдошларимиз махсус чартер рейслар билан Ўзбекистонга олиб келинди. Ушбу йўналишдаги ишлар давом эттирилмоқда.

Пандемия даврида мамлакатимизда хорижий инвесторлар лойиҳаларининг тўхтаб қолмаслиги, хорижий мутахассисларнинг юртимизга келишини таъминлаш мақсадида тегишли давлат органлари билан самарали музокаралар олиб борилди. Ушбу йўналишда Афғонистондан 15 нафар, Эрондан 10 нафар, Бирлашган Араб Амирликларидан 7 нафар, Ҳиндистондан 4 нафар мутахассиснинг Ўзбекистонга келиши таъминланди. Албатта, бу борадаги ишлар ҳақида жуда кўп тўхталиш мумкин.

Афғонистон мавзусига ҳам тўхталиб ўтсангиз. Зеро, сўнгги йилларда Ўзбекистон ташаббуслари билан қўшни мамлакатдаги вазиятни барқарорлаштиришга кўмак берадиган тизимли саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.

— Албатта, Афғонистондаги сиёсий қарама-қаршиликлар, бу мамлакатда кечаётган воқеа-ҳодисаларга бефарқ қарашга ҳаққимиз йўқ. Афғонистон хусусида алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман. Бугунги кунда Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида яқин сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқалар йўлга қўйилган. Шунингдек Афғонистонда миллионлаб ўзбеклар яшайди. Афғонистон Конституциясига мувофиқ ўзбек тили мамлакатнинг расмий тилларидан бири ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан ҳам Афғонистонда тинчлик ўрнатилиши биз учун жуда муҳим.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2018 йил март ойида Тошкент шаҳрида ўтказилган «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзусидаги халқаро конференция Ўзбекистоннинг афғонлараро тинчлик жараёнини фаоллаштиришга қўшган салмоқли ҳиссаси бўлди. Ушбу анжуман афғон йўналишида тинчлик саъй-ҳаракатларини қайта кўриб чиқишда ҳал қилувчи роль ўйнади, десак муболаға бўлмайди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шахсий ташаббуслари билан ўтказилган мазкур конференция жаҳон ҳамжамияти эътиборини яна бир карра Афғонистонда ҳукм сураётган жараёнларга қаратди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек: «Афғонистон хавфсизлиги – бу Ўзбекистон хавфсизлиги, бутун бепоён Марказий ва Жанубий Осиё минтақаси барқарорлиги ҳамда тараққиётнинг гаровидир».

Ўзбекистон Афғонистонни минтақавий интеграция ва иқтисодий ҳамкорликка жалб қилиш орқали Марказий Осиёнинг ажралмас қисмига айланишини таъминлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Ушбу мақсадлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон қўшни Афғонистон иқтисодиёти учун ўта муҳим бўлган йирик инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича донор мамлакатлар ва халқаро молиявий ташкилотлар билан музокаралар олиб бормоқда.

«Мозори Шариф – Кобул – Пешовар» темир йўли ва «Сурхон – Пули Хумри» электр узатиш линиясини қуриш лойиҳалари шулар жумласидандир.

Мазкур лойиҳалар ижроси Марказий ва Жанубий Осиё минтақаларининг транспорт коммуникациялари, энергетика тармоқларини ўзаро боғлайди ҳамда Афғонистон иқтисодиётининг юксалишига хизмат қилади.

– Суҳбатга вақт ажратганингиз учун ташаккур.

– Раҳмат.

Мавзуга оид

Немис текстиль корхоналари Ўзбекистонда ...

Германия мамлакатимиз текстиль маҳсулотларини импорт қиладиган Европадаги йирик харидорлар...

Ўзбекистон элчиси ва ASK президенти ҳамк...

Ўзбекистон элчиси Бахром Ашрафхонов Озарбайжон Республикаси Тадбиркорлар (иш берувчилар) т...

Ўзбекистон элчиси Португалия Президентиг...

Ўзбекистон Республикаси элчиси Сардор Рустамбоев 20 июль куни Лиссабонда Португалия Респуб...

Сўнгги янгиликлар