Uz / Ўз Ru En

Toshkent

Dunyo.info


СиёсатИқтисодиётДолзарбСайёҳликЎзбекистон дунё нигоҳидаЯна рукнларАрхив

13/Октабрь/2021   Маданият

Парижда “Ўзбек тили байрами” куни нишонланди

ПАРИЖ, 13 октябрь. /«Дунё» АА/. Мамлакатимизнинг Франциядаги элчихонасида тобора яқинлашиб келаётган «Ўзбек тили байрами»га бағишланган маданий тадбир ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.


Тадбирда ушбу мамлакатдаги ватандошлар вакиллари, хорижлик ўзбек тили ва адабиёти олимлари ва ихлосмандлари ҳамда ўзбекистонлик талабалар қатнашди

Ўзбекистоннинг Франция ва Португалиядаги элчиси Сардор Рустамбоев Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида она тилимизнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар тўғрисидаги батафсил маълумотларни тадбир иштирокчилари эътиборига ҳавола қилди.

Тадбирда Франция ижтимоий тадқиқотлар институти илмий ходими, навоийшунос олим Марк Тутан ҳамда ўзбекистонлик тадқиқотчи Дилноза Дотўраева ўзбек тилининг тарихи ва ривожланиши тўғрисидаги маъруза билан иштирок этди. Улар ўзбек мумтоз адабиётининг ривожланиш босқичлари ҳамда ўзбек тилини бугунги кундаги ривожланиши билан боғлиқ фикрларини ўртоқлашди.  

Шу билан бирга, ватандошларимиз иштирокида шеърхонлик ва “Сиз ўзбек тилини биласизми?” викторинаси ҳам ўтказилди. Унда 1-ўринни эгаллаган Париж Нантер университетининг магистранти Ҳумоюн Бобоев, 2-ўрин соҳиби - Версаль педагогика институтининг магистранти Хуршид Файзуллаев ва 3-ўрин эгаси - Версаль педагогика институтининг магистранти Моҳидил Хонимқулова эсдалик совғалар билан тақдирланди.

Франция Шарқ тиллари ва цивилизациялари миллий институтида (INALCO) ўзбек тилидан таҳсил олаётган талабалар ҳам ушбу тадбирда иштирок этишди.

Дилноза Дотўраева, Франция ижтимоий тадқиқотлар институти тадқиқотчиси:

- “Ўзбек тили байрами” доирасида биз бугун она тилимизнинг тарихи ва ривожланиши бўйича ўз фикрларимизни ўртоқлашдик. Агар биз тилимизни ривожлантирмоқчи бўлсак, унинг ёзма контентини бойитиб бормоғимиз лозим. Илм-фан ва бошқа соҳаларда унинг қўлланилишини кенгайтиришимиз керак. Дунёдаги тадқиқот ишларини ўзбек тилига таржима қилишимиз керак. Олимларимиз ўзбек тилида тадқиқот ишларини кўпайтиришса, тилимиз янада равнақ топади.

Пьер Гиём, Франция Шарқ тиллари ва цивилизациялари миллий институти талабаси:

- Мен INALCOда ўзбек тилини ўрганаяпман. Ўтган йили Тошкент шаҳрига бордим. Халқингизнинг маданияти ва тарихини ўргандим. Бугун эса Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонасида ўзбек тили кунига бағишланган тадбирда иштирок этиш шарафига муяссар бўлдим. Ўзбекистонликларнинг барчасини яқинлашиб келаётган Ўзбек тили куни байрами билан табриклайман.

Мирзоҳид Раҳимов, тарих фанлари доктори:

- Бугун элчихонада ватандошлар ва франциялик мутахассислар иштирокида ташкил этилган “Ўзбек тили байрами” тадбирида иштирок этганимдан бахтиёрман. Мен ҳозирги кунда Франция миллий кутубхонаси ва Миллий архивида изланишлар олиб бораяпман. Айтиб ўтиш керакки, ўзбек тилининг мавқеини халқаро даражада тарғиб қилиш бўйича кўп ишлар олиб борилмоқда. Фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимни остонада турган ушбу байрам билан табриклайман.

Мавзуга оид

«Янги Ўзбекистон ва миллий кинематографи...

«Янги Ўзбекистон ва миллий кинематография» ойлиги доирасида «Ўзбек миллий кино санъати ҳа...

Францияда ўзбек миллий мақом санъати нам...

Франциянинг Тур шаҳрида ўзбек миллий мақом санъати, анъанавий ва халқ мусиқаси мероси наму...

Ўзбекистон Бадиий академиясида Гаянэ Мат...

Ўзбекистон Бадиий академиясининг Икуо Хираяма Халқаро маданият катта залида Гаянэ Матевос...

Сўнгги янгиликлар