Uz / Ўз Ru En

Toshkent

24/Февраль/2021   Долзарб

Парламентлараро иттифоқ бош котиби Мартин Чонгонг: Ўзбекистон Президентининг нутқи БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг навбатдаги сессиясига мазмун бағишлади


ЖEНEВА, 24 февраль. /«Дунё» АА/. Кеча Женевадаги дипломатик клубда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши (ИҲК)нинг 46-сессиясидаги нутқига бағишланган брифинг бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Ўзбекистоннинг Женева шаҳридаги БМТ бўлинмаси ва бошқа халқаро ташкилотлардаги Доимий ваколотхонаси томонидан ташкил этилган тадбирда БМТ қароргоҳи, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари идораси раҳбарияти, Парламентлараро иттифоқ (ПИ), нодавлат нотижорат ташкилотлар ва Швейцария кенг жамоатчилиги вакиллари қатнашди.

Брифинг иштирокчиларига давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни миллий, минтақавий ва халқаро даражада тубдан яхшилашга қаратилган ташаббусларнинг  мазмун- моҳияти тўғрисида батафсил маълумот берилди. Ўзбекистон ИҲК сессиясида биринчи марта юқори даражада иштирок этганига қарамасдан, республика жамиятни демократлаштириш ва либераллаштиришнинг энг юқори стандартларига қатъий содиқлигини намойиш этди.

Анжуманда Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ҳаётининг барча жабҳаларида амалга оширилган ижобий ислоҳотлар, уларнинг марказида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш масалалари тургани эътироф этилди.

Хусусан, Тошкент томонидан гендер тенглигини таъминлаш, фуқаролиги бўлмаган шахслар сонини камайтириш, мажбурий ва болалар меҳнатини бартараф этиш, фуқаролик жамияти институтлари ривожланиши ва сўз эркинлигини таъминлаш борасида эришилган ютуқлар қайд этилди.

Ўзбекистон Президентининг ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича устувор таклифлари БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларининг  “ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмаслик” тамойилига мослиги алоҳида таъкидланди.

Брифингда, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим бўйича глобал форум ўтказиш ташаббуси ва Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ишлаб чиқиш таклифи ўз вақтида илгари сурилгани қайд этилди.

 Ўзбекистон Президенти томонидан БМТнинг барча махсус процедураларининг мандатга эга бўлган барча вакилларининг Ўзбекистонга ташриф буюришлари учун доимий таклифнома юбориш, шунингдек, БМТнинг қийноқлар масаласи бўйича махсус маърузачисининг ташрифини ташкил этишга тайёрлигига халқаро инсон ҳуқуқлари мажбуриятларига қатъий содиқлик нуқтаи назардан ижобий муносабат билдирилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар бошқармаси, БМТнинг Женевадаги бўлинмаси ва Парламент иттифоқи вакиллари Ўзбекистон томонининг БМТ Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги ва Қийноқларга қарши конвенциянинг Факультатив протоколини ратификация қилиш ташаббусларини юқори баҳолади.

Брифинг якунида халқаро ташкилотлар вакиллари Ўзбекистон раҳбарининг ташаббусларини амалиётга жорий қилишда эксперт ёрдамини кўрсатишга тайёр эканлигини билдирди.

Парламентлараро иттифоқ бош котиби Мартин Чунгонг «Дунё» ААга берган интервьюсида Ўзбекистон Президенти томонидан ИҲКнинг 16-сессиясида илгари сурилган ташаббусларнинг мамлакат ва халқаро майдондаги аҳамиятини шарҳлаб берди.

— Мен Ўзбекистоннинг доимий ваколатхонаси томонидан Женева дипломатик клубида ташкил этилган брифингда иштирок этганимдан мамнунман, - деди у. - Биз Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг юқори даражадаги сегментидаги нутқини муҳокама қилдик.

Мен давлат раҳбари нутқини диққат билан кузатдим, у илгари сурган таклиф ва ташаббусларнинг жуда муҳимлигига эътибор қаратишни истардим. Ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг манфаатларини инобатга олиш ва имкониятларини кенгайтириш зарурлиги таъкидланди. Ўзбекистон раҳбари замонавий инсон ҳуқуқлари кун тартибининг ажралмас қисми бўлган гендер тенглиги масалаларига ҳам алоҳида урғу берди.

Давлат раҳбарининг бугунги кунда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамжамиятни ташвишга солаётган фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг аҳволини тубдан яхшилаш масаласига садоқатини юксак қадрлайман.

Президент Шавкат Мирзиёев нутқи БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг навбатдаги сессиясига мазмун бағишлади, деб ишонч билан айта оламан.

Мавзуга оид

Ўзбекистон ҳудудига киришнинг янги тарти...

Ўзбекистон ҳудудига киришнинг янги тартиби белгиланди...

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг ўринбо...

Бугун Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Мамлакатимиз олиб бораётган очиқ, прагматик, ва...

Чихо Миязаки: Ўзбек тилини билган япон т...

«Қадринг баланд бўлсин, она тилим» халқаро танловининг «Ўзбек тилининг хориждаги тарғибот...

Сўнгги янгиликлар