Uz / Ўз Ru En

Toshkent

12/Ноябрь/2020   Иқтисодиёт

Пекинда Андижон вилоятида лойиҳаларни амалга ошириш бўйича битимлар имзоланди


ПЕКИН, 12 ноябрь. /“Дунё” АА/. Бугун Пекин шаҳрида Ўзбекистон ва Хитой ўртасида истиқболли сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш борасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга бағишланган иқтисодий форум бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Шуҳрат Умиров.

Андижон вилоятида йирик лойиҳаларни амалга оширишни кўзда тутадиган сармоявий лойиҳаларнинг имзолангани ушбу анжуманнинг муҳим якуни бўлди. Хусусан, Хитойнинг «Xinjiang Jiufang Borun Transport Equipment Co. Ltd.» компанияси замонавий логистика марказини қуриш, «Shanghe Agricultural International Holding» компанияси эса гилос етиштириш ва уни дастлабки қайта ишлаш бўйича агросаноат мажмуини яратиш лойиҳаларини ҳаётга тадбиқ этади.

Тадбирда Евроосиё иқтисодий форуми бош котибининг ўринбосари Ван Кайвэнь, Ҳудудий савдо-иқтисодий ҳамкорлик тажриба зонаси раҳбари Лю Цзяньцзюнь, «Shanghe Agricultural International Holding» компанияси раҳбари Цзэн Цзи, «Xinjiang Jiufang Borun Transport Equipment Co. Ltd.» компанияси раҳбари Ло Хунбо ҳамда ХХР ишбилармон доираларининг кўплаб вакиллари иштирок этди.

Анжуманда Ўзбекистон томонидан мамлакатимизнинг Хитойдаги элчиси Бахтиёр Саидов ҳамда онлайн режимда Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов сўзга чиқди.

Ўзбекистоннинг Хитойдаги дипломатия ваколатхонаси раҳбари биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли сўнгги йиллар давомида Хитой Ўзбекистоннинг бетакчи савдо шериги бўлибгина қолмасдан мамлакатимиз маҳсулотлари экспорти учун йирик бозорга айланганини қайд этди. “Шу билан бирга, мамлакатларимизнинг ўзаро савдо айланмаси тизимида ижобий ва сифатли ўзгаришлар тамойили ҳам кузатилмоқда”, - деди элчи. 

Андижон вилоятининг иқтисодий ва экспорт салоҳиятини тақдим этар экан, вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов хитойлик шериклар билан ўзаро ҳамкорлик сезиларли даражада фаол тус олганини таъкидлади. “Бу мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли иқтисодий ислоҳотларнинг натижасидир”, - деди вилоят раҳбари.

Хитой вакиллари ўз чиқишларида кейинги йиллар давомида Ўзбекистон – Хитой ҳамкорлиги барча соҳаларда тобора чуқурлашиб бораётгани юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Бу айниқса, савдо, иқтисодиёт, инвестициялар, энергетика, транспорт коммуникациялари ва бошқа қатор жабҳаларда ўз ифодасини топмоқда. Шу ўринда олий даражада ўтказилаётган мунтазам учрашув ва музокараларнинг якунлари Ўзбекистон ва ХХР ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашга кучли туртки бераётгани алоҳида таъкидланди.

Ҳудудий савдо-иқтисодий ҳамкорлик тажриба зонаси раҳбари Лю Цзяньцзюнь фикр билдирганидек, Ўзбекистон Республикаси Марказий Осиёда, жумладан, “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасидаги йўналишда афзал геостратегик ўрин тутади. Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, саноат ишлаб чиқариши, капитал қурилиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш соҳаларида ўсувчан ривожланишга эришди. Шу боис ўзбек бозори Хитой корхоналари эътиборининг марказида турган энг устувор мамлакатлардан бўлиб бормоқда. У Ўзбекистонда етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотларининг ўз мамлакатига етказиб берилиши ўзаро савдо айланмаси ҳажмларини ошириш имконини беришини таъкидлади.

Бўлиб ўтган тадбир чоғида мева-сабзавот маҳсулотлари сифатига талабнинг ортиб бораётгани ишлаб чиқарувчиларни энг янги технологияларни қўллашга ундаётгани ҳам қайд этилди. Маҳсулот етиштиришдан тортиб уни ишлаб чиқариш ва сўнгги истеъмолчига етказиб беришгача бўлган занжирни яратиш ҳамда ривожлантиришга ҳам талаб кучаймоқда.

Шу ўринда қайд этиш жоизки, Андижонда гилос етиштириш ва уни дастлабки қайта ишлаш бўйича агросаноат мажмуи қурилишининг дастлабки режаси бир неча босқичдан иборат. Лойиҳанинг дастлабки босқичида 18 миллион доллар миқдорида сармоя киритиш режалаштирилган. Асосий мақсад – маҳаллий гилос ишлаб чиқариш сифатини яхшилаш. Бу юқори сифатли дарахт навларини танлаш ва ишлов бериш, саралаш заводлари ва маҳсулотни сақлаш учун мўъжаз логистика базалари барпо этишни ўз ичига олади. Лойиҳанинг иккинчи босқичи эса 1 минг 500 гектар майдонда гилос экиш ва унга дастлабки ишлов бериш имконини берадиган йирик қамровдаги база қурилишига 389 миллион доллар миқдорида сармоя киритилишини назарда тутади. 

Логистика тармоғи лойиҳаси бўйича ҳамкорликни кўзда тутадиган битимга мувофиқ, Хитойнинг “Цзюфан Божунь транспорт ускуналари Синцзян компанияси” Андижонда логистика маркази қурилиши учун 80 миллион доллар миқдорида сармоя жалб қилади. Компания, шунингдек, малакали маҳаллий кадрлар тайёрлашни ҳам режалаштирмоқда.

“Цзюфан Божунь транспорт ускуналари Синцзян компанияси” Хитойдаги темир йўл ускуналарига хизмат кўрсатиш соҳасидаги йирик корхона ҳисобланади. Ҳозирги пайтда компания Хитойда 30 та техник хизмат кўрсатиш станциясига эга. У мамлакатда барча темир йўлларни қамраб олган ўз тармоғи фаолиятини йўлга қўйган.

Тадбир чоғида Ўзбекистон Республикаси Хитой Халқ Республикаси билан кўп томонлама стратегик шерикликни юқори баҳолаши қайд этилди. Мамлакатларимизни икки минг йилдан зиёд тарихга эга бўлган кўп асрлик дўстона алоқалар, ишонч ва ҳурматга асосланган ўзаро манфаатли икки томонлама ҳамкорлик муносабатлари мустаҳкам боғлаб туриши алоҳида таъкидланди.

Мавзуга оид

Ўзбекистондаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотл...

"Vita Plus Ltd" компанияси бош менежери Шариф Рустамхаилнинг таъкидлашича, Ўзбекистон маҳс...

Тимоти Торлот: Буюк Британия ишбилармонл...

Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Тимоти Торлот Фарғонага сафари чоғида вилоят ҳоким...

ЮНКТАД билан ҳамкорликни ривожлантириш й...

Унда мамлакатимизнинг Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Женевадаги БМТ бўлинмаси ва бошқ...

Сўнгги янгиликлар