21/Май/2022 Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги
ИСЛОМОБОД, 21 май. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон элчихонасида Покистон ва халқаро алоқалар маркази (Center of Pakistan and International Relations - COPAIR) ҳамда «Pakistan in the World» журнали билан ҳамкорликда мамлакатимизнинг ШҲТдаги раислигига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА мухбири.
COPAIR президенти Амна Мунаввар Аван Ўзбекистон раҳбариятини ШҲТга раислиги ва унинг доирасида қатор муҳим тадбирлар муваффақиятли ўтказилаётгани билан қутлади ҳамда ШҲТнинг Самарқандда ўтказишга тайёргарлик кўрилаётган саммитига муваффақият тилади. Шунингдек, Амна Мунаввар Аван тадбир иштирокчиларини Покистон ва Ўзбекистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги билан қутлаб, сўнгги йилларда икки томонлама ҳамкорлик қардошлик муносабатлари даражасига кўтарилгани ва стратегик характерга эга эканини таъкидлади.
COPAIR раҳбари Президент сайловида халқаро кузатувчи сифатида Ўзбекистонга сўнгги сафарини илиқ хотирлади. У мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни юксак баҳолаб, иқтисодиётни ривожлантириш, хусусан, хорижий давлатлар билан ташқи иқтисодий ҳамкорликни сезиларли даражада ошириш, халқаро имижни юксалтириш борасида эришилган ютуқларни алоҳида қайд этди. Шунингдек, у гендер тенгликни таъминлаш, жамиятда хотин-қизларнинг ролини ошириш, Ўзбекистонда хотин-қизларни иш билан таъминлаш бўйича тадбирларни таъкидлади.
Бундан ташқари, Амна Мунаввар Аван Ўзбекистон Президентининг фаолияти, Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги тарихий-иқтисодий алоқаларни тиклаш борасидаги ташаббуслари кенг жамоатчилик вакилларини руҳлантираётганини билдирди. Унинг айтишича, COPAIR Покистон жамоатчилигини Ўзбекистон раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган минтақалараро ўзаро боғлиқлик лойиҳаларининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти билан таништиришга муносиб ҳисса қўшишга тайёр.
«Pakistan in the World» журнали бош муҳаррири Тазин Ахтар ШҲТнинг бўлажак саммити муҳим сиёсий воқеа эканини таъкидлади. Шунингдек, у Самарқанд Шарқ цивилизациясининг ёрқин ўчоқларидан бири, Марказий ва Жанубий Осиё халқлари умумий тарихининг ноёб мероси эканини алоҳида қайд этди. Шунинг учун покистонликлар Самарқанд, Бухоро, Хивани зиёрат қилишга, ота-боболари меросидан маънавий қувват олишга интилади. «Минтақавий ўзаро боғлиқлик тарихий ва маданий алоқаларни тиклаш, гуманитар ва таълим алмашинувларини қайта тиклаш, савдо йўлларини тиклаш ва иқтисодий алоқаларни ўрнатишдан бошланади», - деди Тазин Ахтар.
«Pakistan in the World» журнали бош муҳаррири Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги ҳақида гапирар экан, мамлакатимизнинг ташкилотга аввалги раислиги институционал ривожланиш ва унинг аъзолигини кенгайтириш нуқтаи назаридан жуда самарали бўлганини таъкидлади. Хусусан, 2016 йилда Тошкентда Покистон ва Ҳиндистоннинг ШҲТга тўлақонли аъзо бўлиб кириши учун асос қўйилди. Тазин Ахтар ушбу анъана давом эттирилишига ва бўлажак Самарқанд саммити ҳам ташкилот тарихига алоҳида саҳифа бўлиб битилишига ишонч билдирди.
ШҲТ Ўзбекистон ва Покистон учун муҳим аҳамиятга эга экани, жумладан, минтақавий ўзаро боғлиқлик лойиҳаларини амалга ошириш салоҳияти мустаҳкамланиши таъкидланди. Бу эса ҳудудларимизда инфратузилма ташаббусларини амалга ошириш жараёнига қўшимча молиявий ресурслар ва замонавий технологияларни жалб этиш имконини беради.
Тадбир сиёсий, жамоат ва ишбилармон доираларда катта қизиқиш уйғотиб, маҳаллий оммавий ахборот воситаларида инглиз ва урду тилларида кенг ёритилди. Хусусан, ушбу давра суҳбати ҳақида 20 дан ортиқ мақола ва хабар босма ҳамда электрон нашрларда эълон қилинди.