30/Март/2023 Конституциявий ислоҳотлар
ВАРШАВА, 30 март. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон элчиси Бахром Бобоевнинг Марказий Осиё бўйича таҳлилчи, Михал Бойм номидаги Осиё ва глобал тадқиқотлар институти директорининг ўринбосари, профессор Магдалена Собаньска-Цвалина билан учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Михаил Бойм номидаги институт ривожланаётган мамлакатлардаги сиёсат, иқтисод ва инновациялар бўйича мутахассисларни бирлаштирган мустақил таҳлил марказидир. Оммавий ахборот воситаларида Осиё мамлакатларидаги вазиятга доир ҳисоботлар, эксперт таҳлиллари ва мақолаларни мунтазам чоп этиб боради.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон таҳлил институтлари билан ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари, шунингдек, жаҳон ва Марказий Осиё минтақасидаги мавжуд вазият ҳамда тенденциялари муҳокама қилинди.
Магдалена Собаньска-Цвалинанинг айтишича, институт Ўзбекистонда кечаётган жараёнларни катта қизиқиш билан кузатмоқда.
Мутахассис сўнгги йилларда Ўзбекистон ички сиёсатида амалга оширилган ўзгаришлар ва ислоҳотлар таҳлили уларнинг кўлами ҳамда ортга қайтмаслигидан далолат беришини ва улар аллақачон барча соҳаларда жиддий ўзгаришларга олиб келганини таъкидлади.
Польшалик эксперт Президент Шавкат Мирзиёевни кучли ислоҳотчи эканини қайд этди. Шунингдек, 2016 йилдан буён мамлакат ёпиқ ташқи сиёсат моделидан очиқ ва фаол модел асосида жадал қайта қурилганини ва бу ўзгаришлар дарҳол ўз натижаларини бергани билдирилди.
«Биз мамлакат Конституцияси бўйича бўлажак референдумни Ўзбекистонни ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига асосланган, мамлакат хавфсизлиги, барқарор ривожланиши ва мустақиллиги, фуқароларнинг манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳар томонлама ҳимоя қилувчи, демократик ҳуқуқий давлатга айлантириш жараёнининг изчил давоми сифатида қабул қиламиз. Конституциявий ислоҳот Ўзбекистоннинг узоқ муддатли ривожланиш стратегиясининг ҳуқуқий кафолатларини кучайтириши керак», деди у.
Ташқи сиёсат масалаларига тўхталар экан, Магдалена Собаньска-Цвалина расмий Тошкентнинг минтақа мамлакатлари билан яхши қўшничилик сиёсати, Жанубий Осиё давлатлари билан ўзаро алоқалар стратегияси, Афғонистонга ёрдам бериш бўйича амалий чора-тадбирларни юқори баҳолади.
Экспертнинг айтишича, Ўзбекистон Евроосиё марказида муҳим геостратегик мавқега эга, минтақадаги минтақалараро муносабатларнинг моҳиятини кўп жиҳатдан белгилайди.
Магдалена Собаньска-Цвалина Ўзбекистоннинг, шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёевнинг халқаро ҳамжамиятга Афғонистонда тинчлик ўрнатишда кучларни бирлаштиришга чақириқларига эътибор қаратди. У шунингдек, 2021 йил август ойида НАТО миссияси таркибида Афғонистондан бўлган Польша ҳарбий контингентини олиб чиқишда Ўзбекистон кўрсатган ёрдамини алоҳида таъкидлади.
Экспертнинг фикрича, Афғонистонда тинчлик ўрнатиш бўйича кўрилаётган фаол чора-тадбирлар туфайли Тошкент аста-секин Ғарб ва Кобул ўртасидаги ҳамкорликнинг «сиёсий маркази»га айланиб бормоқда.
Польша вакили Ўзбекистоннинг таҳлилий марказлари – Республика Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Марказий Осиё халқаро институти билан алоқаларни янада мустаҳкамлашдан манфаатдор эканлигини тасдиқлади.