Uz / Ўз Ru En

Toshkent

22/Октабрь/2020   Долзарб

Қозоғистонда Ўзбек тили байрами куни нишонланди


ОЛМАОТА, 22 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги дипломатик ваколатхоналари томонидан “Ўзбек тили байрами” куни муносабати билан “Қозоғистонда ўзбек тилининг ўқитилиши” мавзусида онлайн видеоконференция ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Унда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, мамлакатимизнинг дипломатик ваколатхоналари, Қозоғистон ўзбеклари “Дўстлик” ҳамжамияти, қўшни республикада фаолият юритаётган ўзбек этно-маданий бирлашмалари, Жанубий Қозоғистон давлат педагогика университети вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистоннинг ушбу мамлакатдаги элчиси Саидикром Ниёзхўжаев табрик сўзи билан чиқиш қилди. Юртимизда она тилимизнинг халқимиз ижтимоий ҳаётидаги ва халқаро миқёсдаги роли ҳамда обрў-эътиборини тубдан ошириш, унинг миллийлигини сақлаб қолиш, ўсиб келаётган ёш авлодни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш мақсадида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берди.

Ўз навбатида, байрам иштирокчилари “Ўзбек тили байрами” кунининг нишонланиши муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этди. Қозоғистонда истиқомат қиладиган этник ўзбекларнинг ўз маданияти, азалий қадриятлари, она тилини асраб-авайлаш ва ривожлантириш борасида яратилган шароит ҳақида фикр алмашилди.

Шунингдек, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ва Жанубий Қозоғистон давлат педагогика университети вакиллари сўзга чиқиб икки олийгоҳ ўртасидаги истиқболли ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболи ҳақида сўз юритди.

Жанубий Қозоғистон давлат педагогика университети ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси Шаҳло Норалиева ўзининг “Қозоғистонда ўзбек тилининг ўқитилиши” мавзусидаги маърузасида мамлакатда ўзбек тили ўқитиладиган умумтаълим мактабларидаги ўқитиш усули, шунингдек, ўзбек тили ва адабиёти йўналишида малакали ўқитувчиларни тайёрлаш масалаларига тўхталиб ўтди.

Ш.Норалиева Қозоғистонда ўзбек тилини янада оммалаштириш борасида қатор таклифларни илгари сурди. Ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчилари малакасини ошириш курсларини ташкил этиш, умумтаълим мактаблари ўртасида ўтказиладиган ўзбек тили ва адабиёти фан олимпиадасига қозоғистонлик ўқувчилар иштирокини таъминлаш, кутубхоналар фондини ўзбек бадиий ва болалар адабиёти билан таъминлашда амалий ёрдам кўрсатиш, икки давлат университетлари ўртасида қўшдипломли лойиҳани амалга ошириш зарурлигини қайд этди.

Мавзуга оид

Тошкент шаҳрида Адиблар хиёбони очилди...

Президент Шавкат Мирзиёев 20 май куни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида барп...

Тўғонлар ва бошқа гидротехника иншоотлар...

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва «Давсувхўжаликназорат» давлат инспекцияси...

Президент: замонавий шифохоналар қуриш қ...

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 29 май куни Тошкент вилояти Зангиота ту...

Сўнгги янгиликлар