29/Сентябрь/2022 Долзарб
ОСТОНА, 29 сентябрь. /«Дунё» АА/. Мамлакатимиз элчихонаси томонидан Қозоғистон ҳудудида истиқомат қилаётган, вақтинча ишлаётган ва таълим олаётган юртдошларимиз иштирокида Ўзбекистон Конститутциясига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳиятига бағишланган давра суҳбати ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Тадбирда Ўзбекистон Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар фуқароларнинг таклифларидан Конституциявий комиссия томонидан батафсил таҳлил қилинганидан кейин, энг мақбуллари Бош қомусимизга киритилиши таъкидланди. Шу ўринда юртдошларимизнинг ҳоҳиш-истаклари «meningkonstitutsiyam.uz» портали орқали қабул қилингани қайд этилди.
Жорий йил 20 июнь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Конституциявий комиссия аъзолари билан бўлиб ўтган учрашувида давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қимматини улуғлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини мустаҳкамлаш сингари қатор таклифларни ҳамда «Ўзбекистон-ижтимоий давлат» деган эзгу ғояни Бош қомусимизга сингдириш халқимизнинг эртанги кунга бўлган умид ва ишончини мустаҳкамлайди.
Ўз навбатида, Қозоғистон бўлиб турган ҳамюртларимиз Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришлар, хусусан, конституциявий ислоҳотларни тўла қўллаб-қувватлашларини билдирдилар.