31/Март/2023 Ватандошларимиз
ҚОЗОН, 31 март. /«Дунё» АА/. Қозон давлат аграр университетида Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консули Фариддин Насриев олий ўқув юрти раҳбарияти ҳамда ўзбекистонлик талабалар билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашув аввалида университет раҳбарияти томонидан ўзбекистонлик талабаларга қаратилаётган эътибор учун Бош консулхонага миннатдорлик билдириб, талабаларнинг академик кўрсаткичлари ва университет фаолиятидаги ижтимоий фаоллиги юқори эканлигини таъкидлаб ўтилди.
Бош консул йиғилганлар эътиборига Ўзбекистон ҳукумати томонидан барча йўналишларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, сўнгги даврда эришилган ижтимоий-сиёсий тараққиёт даражаси ҳақидаги долзарб маълумотларни тақдим этди.
Тадбир доирасида жорий йилнинг 30 апрель куни ўтказиладиган «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида тушунтириш ишлари олиб борилди.
Талабалар ушбу маълумотни иштиёқ билан қабул қилдилар ва ўзларининг конституциявий бурчларини бажаришга тайёр эканликларини билдирдилар.
Сўнгра тадбир савол-жавоб тарзида давом этиб, талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.