18/Ноябрь/2020 Спорт
ТОШКЕНТ, 18 ноябрь. /«Дунё» АА/. Перуда бўлиб ўтаётган оғир атлетика бўйича ўсмирлар ўртасида онлайн Жаҳон кубоги мусобақаларининг сўнгги кунида юртдошимиз Қурбонмурод Номозов -96 килограмм вазн тоифасида мутлақ ғолибликни қўлга киритди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Қурбонмурод Номозов силтаб кўтаришда 178 килограмм, даст кўтаришда 142 килограмм, ни умумий ҳисобда 320 килограмм тошни кўтарди. У энг яқин таъқибчиси, туркиялик Эмре Озтуркни 15 килограммга ортда қолдирди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганининг 29 йиллиги нишонланаётган кунда Қ.Номозов шарафига давлатимиз мадҳияси садолари остида мамлакатимиз байроғи кўтарилди.
Нуфузли мусобақада жаҳоннинг 61 та давлатидан жами 399 ёш атлет ғолиблик учун супачага чиқди. Жаҳон кубогида Ўзбекистон шарафини 7 нафар атлетимиз ҳимоя қилди.
Бунгача вакилларимиздан Нигора Абдуллаева (-55 кг) ҳамда Ҳусенбой Матрасулов (-55 кг) ўз вазн тоифаларида олтин, Нигора Сувонова (-71 кг) кумуш, Ҳожиакбар Олимов эса (-81 кг) бронза медалларини қўлга киритган эди.