01/Июнь/2021 Долзарб
ТОШКЕНТ, 1 июнь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов Беларусга ташрифи доирасида бугун Учинчи Евроосиё рақамли форумида иштирок этди ва нутқ сўзлади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги маълумотига кўра, вазир сўзининг аввалида бугунги кунда давлат сиёсатининг стратегик мақсади - бу Ўзбекистонни ривожлантиришнинг янги босқичига, яъни рақамли ҳукуматга ўтиш ва рақамли жамият, мамлакатнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маданий тараққиётини таъминлаш, фуқароларнинг турмуш тарзини яхшилаш, инсонларнинг эҳтиёжлари ва эркин ривожланишини қондириш учун кенг имкониятлар яратиш, қадриятларга асосланган ривожланиш моделини амалга ошириш эканини таъкидлади.
Шу мақсадда «Рақамли Ўзбекистон -2030» стратегияси қабул қилиниб, унинг асосий йўналишларидан бири давлат ва иқтисодиётни бошқаришни рақамли ўзгартириш, уларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, замонавий ахборот технологияларини жорий этишдир.
Бугунги кундаги барча ўзгаришлар мамлакатда «Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракат қилади» тамойили асосида ишлайдиган виртуал ҳукуматнинг тўлақонли моделини яратиш орқали давлат фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашга қаратилган.
«Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бири давлат хизматларини онлайн шаклда ўтказишда фуқароларга қулайлик яратишга қаратилган Ягона интерактив давлат хизматлари порталини (pm.gov.uz) ривожлантиришдир. Бугунги кунда ЯИДХП тизимида 250 дан ортиқ хизмат мавжуд. Порталнинг мобиль версиясида 35 турдаги хизмат йўлга қўйилган бўлиб, келгусида уларнинг сони юзтага етказилади.
Бугунги кунда Давлат статистика қўмитаси билан ҳамкорликда Очиқ маълумотлар порталининг янги тури ишлаб чиқилиб, порталга 149 та давлат идораси томонидан 11 мингдан ортиқ маълумот базалари жойлаштирилди ва уларнинг мурожаатлари сони 7,6 миллиондан ошди.
Қарорларни қабул қилиш жараёнида фуқароларнинг иштирокини таъминлаш мақсадида Ўзбекистонда қонун ҳужжатлари таъсирини баҳолаш тизими муваффақиятли ишламоқда, унда бир вақтнинг ўзида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини жамоат муҳокамасидан ўтказиш ва идоралараро мувофиқлаштиришни амалга ошириш мумкин (regulation.gov.uz, project.gov.uz).
Президент ташаббуси билан фуқароларнинг жамоат ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш, давлат ҳокимияти вакиллик органларининг шаффофлигини, қабул қилинган қонунларнинг ҳаётийлиги ва самарадорлигини таъминлаш, фойдаланувчиларга қулайлик яратиш мақсадида «Менинг фикрим» мобиль портал иловаси яратилди ва ишга туширилди. Бугунги кунга қадар у орқали 5 мингга яқин жамоавий мурожаат келиб тушган.
Эндиликда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари онлайн шаклда мурожаат қилиши мумкин бўлган Ўзбекистон Президентининг Виртуал қабулхонаси (pm.gov.uz) мавжуд. 2017 йилдан бери фуқаролар ва тадбиркорлик субектларидан Виртуал қабулхона орқали қабул қилинган 5 миллиондан ортиқ электрон мурожаат ижобий ҳал қилинди.
Тадбиркорлар билан очиқ ва тўғридан-тўғри алоқани таъминлаш, уларнинг қонунчилик талабларини самарали амалга ошириш ва муаммоли масалаларни ҳал қилиш мақсадида Ўзбекистон Бош вазирининг ягона “business.gov.uz” интерактив портали ишга туширилди.
Шаҳар инфратузилмаси ҳолати, коммунал хизматларнинг сифати ва аҳолини қизиқтирган бошқа масалалар устидан жамоатчилик назоратини ташкил этиш учун «Халқ назорати» портали ва мобиль иловаси ишга туширилди. У ёрдамида аҳоли ўзларининг муаммолари юзасидан шикоят юборишлари мумкин.
Шу билан бирга «Рақамли Ўзбекистон-2030» стратегиясига кўра жорий йил охиригача тижорат банкларнинг рақамли трансформациясини якунланиши режалаштирилган бўлиб, ва шу талқинида улар томонидан турли кредит маҳсулотларини тақдим этиш, масофавий равишда омонат ва ҳисоб рақамларни очишдан иборат онлайн хизматларни кўрсатилиши назарда тутилган. Таъкидлаш керакки, ҳозирги кунда онлайн банкинг хизматларининг фойдаланувчилари сони 15 миллионга яқинлашиб, уларнинг аксарияти жисмоний шахсларга тўғри келади.
Ўзбекистон ҳукумати АКТ соҳасида инновацион стартап-лойиҳаларни қўллаб-қувватлашнинг замонавий механизмларини ишлаб чиқиш, шу жумладан технопаркларни яратиш, венчур капитал бозорини ривожлантириш, бизнес акселераторлари ва инкубаторларини ташкил этишга катта эътибор қаратмоқда.
Шу мақсадда резидентлар учун Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологияларининг Технологик парки (IT Park) ташкил этилиб, унинг резидентларига солиқ ва божхона имтиёзлари берилди. Айни пайтда республика бўйича IT Parkнинг еттита филиали очилган ва 2022 йил охирига қадар улар мамлакатнинг барча ҳудудларида ташкил этилади.
Ҳозирги кунда IT Park резидентлари 484 та ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритаётган компаниялар бўлиб, 60 та экспортга йўналтирилган ва 14 та компания хорижий капитал иштирокида ташкил этилган. Беларуснинг “EPAM Systems”, “SoftClub”, “Эксадель” каби қатор IT -компаниялари IT Park резидентлари ҳисобланади.
Ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида Ўзбекистон раҳбари томонидан тасдиқланган «Беш ташаббус» лойиҳаси доирасида бутун мамлакат бўйлаб Рақамли технологиялар ўқув марказлари ташкил этилмоқда. Бугунги кунда республикада 130 дан ортиқ ана шундай ўқув маркази фаолият юритмоқда.
Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликда тегишли IT мутахассисликлари бўйича аҳоли ва ёшларнинг масофавий таълимига қаратилган «One Million Uzbek Coders» мегалойиҳаси амалга оширилмоқда. Ҳозирги кунда 380 мингдан зиёд талаба мегалойиҳада ўқитилди. Бугунга қадар 150 мингдан ортиқ талаба ўқишни муваффақиятли якунлаб, сертификатларни қўлга киритган.
Республика бўйлаб ёш тадбиркорларни ва стартап-лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш мақсадида олий ўқув юртларида IT -инкубация марказлари ташкил этилмоқда. Ҳозирда 12 та шундай марказ очилган бўлиб, жорий йил охирига қадар уларнинг сонини 20 тага етказиш режалаштирилган.
- Олдимизда турган мақсадлар «рақамли» кун тартибида белгиланган устувор вазифаларни бажариш учун узвий ҳамкорлик қилишни, шу жумладан ўзаро мулоқотни кенгайтириш ва энг илғор жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб ягона стандарт ва ёндашувларни ишлаб чиқишни талаб этади, - деди АКТ вазири Ш.Содиқов.- Мазкур форум ўзаро мулоҳаза олиб бориш, фикр алмашиш ва рақамли ривожлантиришга йўналтирилган дастурларга керакли долзарб ўзгартиришлар киритиш учун замин яратади.