13/Октабрь/2021 Жамият
МОСКВА, 13 октябрь. /«Дунё» АА/. Россия илгари мазкур мамлакат ҳудудига кириши таъқиқланган 158 минг ўзбекистонлик фуқарога нисбатан “миграция афви”ни эълон қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Россия ички ишлар вазирининг ўринбосари генерал-полковник Александр Горовой Москвада бўлиб турган Ўзбекистон Бош вазирининг маслаҳатчиси Меҳриддин Хайриддинов бошчилигидаги делегация билан бўлиб ўтган учрашув чоғида шу ҳақда маълум қилди.
Қайд этиш жоизки, тақдим этилган мазкур “миграция афви” судлар қарорига асосан илгари Россиядан депортация қилинган Ўзбекистон фуқароларига тадбиқ этилмайди.
Бундан ташқари, Россия ички ишлар вазирлигининг Ўзбекистон билан биргаликдаги махсус дастлабки лойиҳаси доирасида жорий йил 18 октябрдан бошлаб ишга тушириладиган механизм асосида меҳнат фаолияти билан шуғулланиш мақсадида Россияга бормоқчи бўлган 10 минг Ўзбекистон фуқароси республикадан чиқиб кетгунига қадар ишлаш учун рухсатнома (патент)ни расмийлаштириши мумкин. Бу механизм россиялик иш берувчилар томонидан харажатлари қопланадиган ишлаш учун рухсатнома расмийлаштирилишининг муддатини сезиларли даражада қисқартириш имконини беради.
Фуқаролар қўшимча маълумот олиш учун Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига +998 71 202 33 55 телефон рақами, 1282 қисқа рақами ёки унинг ҳудудий бўлимларига мурожаат қилиши мумкин.