25/Сентябрь/2021 Сайлов - 2021
НОВОСИБИРСК, 25 сентябрь. /«Дунё» АА/. Мамлакатимиз Бош консулхона томонидан Новосибирск ҳуқуқшунослик институтида жорий йилнинг 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Президенти сайлови кампаниясининг бориши билан Россия жамоатчилиги ва ушбу мамлакатда вақтинча бўлиб турган ватандошларимизни хабардор қилиш мақсадида «Ўзбекистон сайлов қонунчилиги – демократик сайловларнинг асоси» мавзусида давра суҳбати ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Тадбирда Россия томонидан қонунчилик мутахассислари, Новосибирск ҳуқуқшунослик институти ва Новосибирск давлат университети илмий-педагог ходимлари, талабалари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Ўзбекистон томонидан Тошкент давлат юридик университети ва Самарқанд давлат университети профессор-ўқитувчилари қатнашди.
Иштирокчиларга Ўзбекистонда сайлов қонунчилиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, Конституцияга киритилган ўзгаришлар, муддатидан олдин овоз бериш учун яратилаётган шароитлар, электрон сайлов рўйхатлари тузиш, Сибирь федерал округи ҳудудида Бош консулхонанинг сайловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Тадбирда қантнашчиларининг Ўзбекистон Президенти сайлови ва миллий сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартишлар ҳақидаги саволларига батафсил жавоб берилди.