25/Март/2023 Жамият
ЕКАТЕРИНБУРГ, 25 март. /«Дунё» АА/. Бош консулхона томонидан округ ҳудудидаги ўзбек миллий марказлари ҳамда «Ватандошлар» жамоат фонди билан биргаликда Тюмень, Челябинск ва Свердловск вилоятларида «Ҳар кунинг Наврўз бўлсин, жонажон Ўзбекистоним!» шиори остида Наврўз тадбирлари ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири
Жумладан, Тюмень вилоятидаги «Ватан» ўзбек миллий маркази билан ҳамкорликда «Сибирь-татар маданият марказида» ўтказилган Наврўз сайлида 200 дан ортиқ ватандошлар ва маҳаллий аҳоли иштирок этди. Тадбирда «Баҳор» ансамбли ўзининг мусиқий дастурини тақдим этди ҳамда Ўзбекистоннинг туристик ва маданий салоҳияти ҳақидаги видеороликлар намойиш этилди.
Челябинск шаҳридаги «Темир йўллар» маданият саройида «Бобур» ўзбек миллий маркази билан биргаликда ўтказилган байрам тантаналарида 500 нафардан зиёд меҳнат муҳожирлари ва талабалар қатнашдилар.
Маърифий тадбир доирасида Ўзбекистон миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари, туризм салоҳиятига бағишланган кўргазма ташкил қилинди, меҳмонларга ўзбек миллий таомлари тортиқ этилди.
Екатеринбург шаҳрида ўтказилган Наврўз айёми тадбирларидфа «Ватандошлар» жамоат фонди директори Одилжон Саттаров бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси иштирок этди.
Байрам тадбири аввалида Ўзбекистон Мусулмонлари идораси вакили сўзга чиқиб хориждаги ватандошлар, улар ўртасидаги ўзаро муносабатлар, ўзликни англаш ва миллий қадриятларимиз ҳамда маданиятимизни кенг тарғиб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Ўзбекистон Мусулмонлари идораси вакили, шунингдек, ватандошларимизни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб берди.
Таниқли ўзбек эстрада хонандалари Отабек Муталхўжаев, Наргиза Азимова ва актриса Гавҳар Зокирова ижросида тақдим этилган бадиий дастур барчага хушкайфият улашди.