07/Февраль/2023 Таълим
СЕУЛ, 7 февраль /«Дунё» АА/. Самарқанд халқаро технология университети ҳузурида Корея технология ва маданият коллежи ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида хорижий давлатларнинг етакчи техника университетлари билан биргаликда 2022 йилда Самарқанд технология университетини ташкил этиш белгиланган эди. Ўтган йил янги авлод муҳандис-технологларини тарбиялаш мақсадида Самарқанд халқаро технология университети фаолияти йўлга қўйилди.
Жорий йилда мазкур университет қошида Корея технология ва маданият коллежи (Korean College of Technology and Culture) ўз фаолиятини бошлади.
Мазкур коллежни очишга Самарқанд халқаро технология университети ректори, профессор Юсуф Абдуллаевнинг ўтган йили октябрь ойида Жанубий Кореяга амалга оширган сафари давомида Ханкук хорижий тиллар университети ва Ипак йўли университетлар тармоғи раҳбарлари билан ўтказган музокаралари натижасида келишиб олинган эди.
Коллежда 5 йўналиш – «яшил» энергетика (қайта тикланувчи энергия), ахборот-технологиялари дастурчиларини тайёрлаш, инновация ва бизнес, дизайн (саноат, иқтисодиёт, қурилиш дизайнерлиги) ҳамда корейс тили бўйича мутахассислар тайёрланади.
Осиё маданияти ва тараққиёти институти ушбу коллежни малакали ўқитувчилар билан таъминлаш вазифасини ўз зиммасига олган. Ипак йўли университетлар тармоғи директори профессор Хванг Сунг Дон эса ушбу коллежга раҳбарлик фаолиятини бошлади.
Қайд этиш керакки, Самарқанд халқаро технология университети Ўзбекистондаги янги турдаги нодавлат олий таълим муассасаси ҳисобланади. Университет Ўзбекистоннинг жаҳон иқтисодиётига муваффақиятли интеграциялашуви учун ўзида илғор муҳандислик билимлари мавжуд бўлган, ижодий фикрлаш қобилиятига эга, инновацион технологияларни яратиш ва жорий этиш кўникмаларини эгаллаган юқори малакали янги авлод мутахассисларини тайёрлашни мақсад қилган.
- Ушбу мураккаб вазифани бажариш учун асосий шарт – бу янги техник таълим, илғор халқаро стандартлар асосида муҳандис кадрларни тайёрлашнинг амалдаги тизимини тубдан ислоҳ қилиш, ўзгартиришдир, - дейди Самарқанд халқаро технология университети ректори, профессор Юсуф Абдуллаев. - Шундан келиб чиқиб, биз дунёдаги энг нуфузли техника олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни йўлга қўйдик ва уларнинг педагогик тажрибаси асосида тайёрланган ўқув режалари, таълим дастурлари ва методикаларни университетимиз таълим жараёнига татбиқ этяпмиз.
Муассасада талабалар нефть-газ муҳандислиги, кимё муҳандислиги, кончилик иши, геология ва геология муҳандислиги йўналишларида таълим олади. Ўқув жараёнига Америка, Европа, Осиё, Австралия ва Африкадаги етакчи таълим ва имлий-техника марказларида фаолият олиб бораётган хорижлик етакчи ўқитувчилар ва мутахассислар, жумладан, хорижий мамлакатларда фаолият олиб бораётган ватандошдошлар ишга таклиф этилган.
Корея технология ва маданият коллежи раҳбари профессор Хванг Сунг Доннинг қайд этишича, Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан очилган Самарқанд халқаро технология университети ўз фаолиятида Жанубий Кореянинг илғор тажрибасини ва мутахассисларини жалб қилган ҳолда, талабалар алмашинуви дастурини йўлга қўйиш, бугунги замон учун энг долзарб бўлган «яшил» энергетика (қайта тикланувчи энергия), ахборот-технологиялари, дизайн каби йўналишларда ҳамкорлик қилишни режалаштирган.