Uz / Ўз Ru En

Toshkent

Dunyo.info


СиёсатИқтисодиётДолзарбЎзбекистон дунё нигоҳидаЯна рукнларАрхив

28/Март/2023   Ҳамкорлик

Самарқанд ва Нара шарҳарлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада жадаллаштириш истиқболлари муҳокама қилинди

ТОКИО, 28 март. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон элчихонаси томонидан Нара префектураси, Нара шаҳри мэрияси, Япония халқаро ҳамкорлик ташкилоти (JICA) билан ҳамкорликда Самарқанд ва Нара шаҳарлари ўртасида биродарлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга бағишланган тадбир ўтказилди, деб хабар бермоқда  «Дунё» АА мухбири.


Эслатамиз, 2022 йил 18 октябрь куни Самарқанд шаҳри ҳамда Япониянинг қадимий пойтахти бўлган Нара шаҳри ўртасида биродарлик алоқаларини ўрнатиш тўғрисида битим имзоланди. Ушбу битим доирасида икки шаҳар ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш ҳамда иқтисодиёт, туризм, илм-фан, маданият ва спорт каби бир қатор соҳаларда ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, алоқаларни изчил йўлга қўйиш кўзда тутилган.

Тадбир аввалида Нара шаҳри мэри Ген Накагава сўзга чиқиб, 2022 йил октябрь ойида Ўзбекистонга ташрифи давомида мамлакатимизнинг бой маданияти, тарихи ва туризм обидалари Япония делегацияси аъзоларида жуда катта таассурот қолдирганини алоҳида таъкидлаб, юртимизнинг Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларининг туризм салоҳияти жуда юқорилигини маълум қилди.

Шунингдек, Ген Накагава япон томони икки шаҳар ўртасида ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканлигини таъкидлаб, 2023 йил давомида Нара шаҳрида Ўзбекистоннинг маданияти, сайёҳлик салоҳ иятини тарғиб қилишга бағишланган қўшма тадбирларни ҳамкорликда ишлаб чиқишга тайёрлигини маълум қилди.

«Бугун Нара шаҳрида 2022 йилда биродарлик алоқаларини ўрнатган Ўзбекистоннинг қадимий шаҳри Самарқандга бағишланган тадбир ўтказилди. Унда Нара шаҳри аҳолиси Самарқанднинг бой маданияти ва туризм салоҳияти билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдилар.  Анжуманда кутилгандан ҳам кўп одам иштирок этганлиги Ўзбекистонга, шунингдек, қадимий шаҳар Самарқандга бўлган қизиқишнинг юқори эканлигидан далолат беради.

Ўйлайманки, мазкур тадбир икки мамлакат халқлари ўртасидаги дўстона муносабатларни ривожланишига, шунингдек, Нара ҳамда Самарқанд шаҳарлари ўртасидаги ҳамкорлик янада юқори босқичга кўтарилишига туртки бўлади.

Ўз навбатида Нара шаҳри мэрияси ҳам икки шаҳар ҳамкорлигини ривожланиши йўлида саъй-ҳаракатларини аямайди. Самарқандга ташриф буюрувчи нараликлар кўпаяди деган умиддаман», деди мэр Ген Накагава.

Шу билан бирга, Самарқанд шаҳар ҳокими Фазлиддин Умаров тадбир иштирокчиларига видеомурожаат йўллади. Ҳоким ўз мурожаатида Самарқанд ва Нара ўртасидаги ўрнатилган алоқаларни юксак қадрлашини таъкидлаб, Самарқанднинг дунё илм-фани ва цивилизацияси тараққиётига қўшган ҳиссаси, бой маданий мероси ҳам туризм салоҳияти ҳақида маълумот берди.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон элчиси Муҳсинхўжа Абдураҳмонов сўнгги йилларда икки давлат ўртасида савдо-иқтисодий, туризм, маданий, илм-фан соҳаларидаги ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлаб, ўтказилаётган тадбир натижасида япон ҳамжамиятининг Ўзбекистонга бўлган қизиқиши янада ошишига умид билдирди. 

Дипломатик миссия раҳбари мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга алоҳида тўхталиб, жорий йил 30 апрель куни Ўзбекистонда бўлиб ўтиши режалаштирилаётган Конституциявий референдумнинг мазмун-моҳияти, инсон ҳуқуқларини қонуний таъминлаш бўйича киритилаётган муҳим ўзгаришлар ҳақида маълумот берди.

Шунингдек, тадбир давомида элчихона томонидан Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини тарғиб қилишга бағишланган тақдимот ўтказилди. Тақдимот давомида мамлакатимизнинг Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз каби тарихий шаҳарларининг тарихий объектлари, маданияти, миллий таомлари ҳақида айтиб ўтилди. Шу билан бирга, сўнгги йилларда сайёҳлар учун яратилган қулайликлар, замонавий мехмонхоналар, овқатланиш жойлари, янгиланган туризм инфратузилмаси ҳақида батафсил ахборот берилди.

Иштирокчиларга «Uzbekistan Airways» АЖнинг «Токио-Тошкент» авиақатнови 14 апрелдан бошлаб  қайта тикланиши билдирилди. Япониялик сайёҳларни ушбу тўғридан-тўғри рейслардан фойдаланган ҳолда Ўзбекистонга боришга таклиф қилинди.

Мавзуга оид

Ўзбекистон делегацияси Малайзияда ташкил...

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Мудофаа саноати агентлиги ҳамда мамлакатимиз элч...

Уссурийск шаҳрида юртдошларимиз билан уч...

Кеча мамлакатимизнинг Владивосток шаҳридаги Бош консуллиги томонидан Приморск ўлкасининг У...

Деҳлида Ўзбекистон ва Ҳиндистон Мудофаа ...

27-28 апрель кунлари Деҳли шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар...

Сўнгги янгиликлар