21/Октабрь/2022 Ўзбекистоннинг хориждаги ваколатхоналарида
ТОКИО, 21 октябрь. /«Дунё» AА/. Самарқанд шаҳри маъмуриятининг таклифига биноан, 17-20 октябрь кунлари Япониянинг Нара шаҳри мэри Ген Накагава бошчилигидаги делегация Ўзбекистонда бўлди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ўзбекистон Республикасининг Токиодаги элчихонаси томонидан ташкил этилган ушбу сафар доирасида Япония делегацияси аъзолари “Самарқанд шаҳри куни”га бағишланган тадбирларда иштирок этишгани баробарида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов, Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов ва Самарқанд шаҳри ҳокими Фазлиддин Умаров томонидан қабул қилинди.
Бўлиб ўтган учрашувлар чоғида икки шаҳар ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш ҳамда иқтисодиёт ва туризм, илм-фан, маданият ва спорт каби қатор соҳаларда ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, алоқаларни изчил йўлга қўйиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Учрашув якунида Самарқанд ва Нара шаҳарлари ўртасида биродарлик алоқаларини ўрнатиш тўғрисида Битим имзоланди. Ушбу ҳужжатни имзолашдан кўзланган мақсад Нара ва Самарқанд шаҳарлари икки мамлакат ўртасида Буюк Ипак йўли даврида ўрнатилган тарихий узвий алоқаларнинг мавжудлигини инобатга олиб, турли соҳаларда ўзаро ҳамкорлик қилиш ва икки шаҳарнинг биродарлик муносабатларини ривожлантириш орқали дўстона алоқаларни чуқурлаштиришга бўлган интилиши билан изоҳланади.
Маълумки, 2019 йилнинг август ойида Самарқанд ва Нара шаҳарлари ўртасида Ҳамкорлик меморандуми имзоланганидан буён Нара шаҳри турли тадбирларга мезбонлик қилиб келмоқда. Хусусан, жорий йилнинг августида Нара шаҳрида Ўзбекистон ва Япония ўртасида дипломатия муносабатлари ўтнатилганлигининг 30 йиллиги тадбирлари доирасида ҳамда Самарқанд шаҳрининг Нара шаҳри билан алоқалар ўрнатганига 3 йил тўлиши муносабати билан Самарқанд шаҳрига бағишланган фотокўргазма ташкил қилинди.