Uz / Ўз Ru En

Toshkent

08/Март/2021   Сиёсат

Самарқандда Туркия Республикасининг Бош консулхонаси очилди


ТОШКЕНТ, 8 март. /“Дунё” АА/. Кеча Самарқандда Туркия Республикасининг мазкур қадимий шаҳардаги Бош консулхонасининг очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, Самарқанд вилояти ҳокими Эркин Турдимов, Туркия ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғлу, икки давлат дипломатик миссиялари раҳбарлари, бошқа расмий кишилар иштирок этди.

Қуйида мамлакатимиз ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбарининг ушбу маросимдаги нутқининг матни келтирилмоқда.

Муҳтарам Вазир Жаноби Олийлари!

Қадрли дўстлар!

Ҳурматли оммавий ахборот воситалари вакиллари!

Ҳаммангизга маълумки, Туркия Республикаси Ўзбекистон Республикасини мустақил давлат сифатида энг биринчилардан бўлиб тан олган ва 1992 йил 28 апрелда Тошкентда ўз Элчихонасини очган илк хорижий давлат бўлган.

Эндиликда ҳам Туркия Самарқанд шаҳрида ўз Бош консулхонасини биринчилардан бўлиб очмоқда. Ушбу воқеа бир неча нуқтайи назардан муҳим аҳамият касб этади.

Биринчидан, Туркиянинг Ўзбекистонда ҳам Элчихонаси, ҳам Бош консулхонаси мавжудлиги икки томонлама муносабатларимиз ўзига хос юқори поғонага чиққанлигидан далолат беради.

Ушбу дипломатик ваколатхона айнан 2021 йилда очилишида ҳам алоҳида маъно бор - бу Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 30 йиллик байрамига ўзига хос рамзий туҳфа, деб ўйлайман.

Иккинчидан, Туркиянинг Самарқанддаги Бош консулхонаси маданий-гуманитар, туризм соҳаларида ҳамкорлик ва ҳудудлараро алоқалар ривожланишига ижобий туртки беради.

2018-йилда икки томонлама муносабатларимиз тарихида илк маротаба “Истанбул-Самарқанд” йўналишида авиапарвозлар жорий этилган эди. Пандемия сабабли қўйилган чекловлар доирасида вақтинча тўхтатилган бу қатнов яқин муддатларда қайтадан очилади.

Туркияда буюк аждодларимиз Имом Бухорий, Имом Мотурудий, Амир Темур, Мирзо Улуғбек ва бошқа уламоларга бўлган қизиқиш катта, бу қардош мамлакатдан Самарқандга зиёрат билан келадиган сайёҳлар оқими ортиб бормоқда.

Учинчидан, Самарқандда Туркия сармояси иштирокида очилаётган компанияларнинг сони тобора ошиб бормоқда. Мисол учун, биргина Самарқанд вилоятининг ўзида ҳозирги кунда 100 дан зиёд қўшма корхоналар рўйхатдан ўтган.

Қўшни вилоятлар билан ҳисоблаганда Туркия капитали иштирокида ташкил этилган ширкатларнинг сони 300 дан кўпроқ кўрсаткични ташкил этмоқда. Шу туфайли тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини ривожлантириш йўналишида ҳам Бош консулхона муҳим фаолият кўрсатади.

 

Муҳтарам хонимлар ва жаноблар!

Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги муносабатлар икки давлат раҳбарлари бошчилигида сўнгги 4 йилда мисли кўрилмаган тарзда мустаҳкамланиб, сифат жиҳатидан мутлақо янги поғонага - стратегик шериклик даражасига кўтарилди.

Бугунги кунда сиёсий-дипломатик, парламентлараро, хавфсизлик, ҳарбий ва ҳарбий-техникавий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа устувор соҳалардаги кўп қиррали ҳамкорлигимиз жадаллик билан тараққий этмоқда.

Ишончимиз комилки, Туркия Республикаси Ташқи ишлар вазири, азиз биродарим Мевлут Чавушўғлу иштирокида очилган гўзал Самарқанд шаҳридаги Бош консулхона бу жараённи янада ривожлантиришда ўзига хос ҳисса қўшадиган янги институтлардан бирига айланади.

Шу муносабат билан, Ўзбекистон раҳбарияти ва ҳукумати номидан туркиялик биродарларимизни хориждаги 250 та турк дипмиссияси қаторидан Самарқанддаги Бош консулхона ҳам жой олгани билан самимий табриклаб, уларга янги Бош консулхона фаолиятида улкан муваффақиятлар тилайман.

Эътиборингиз учун ташаккур.

Мавзуга оид

Углеводородлар қазиб олиш ҳажмини ошириш...

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 6 февраль куни нефть-газ саноатидаги иш...

Ўзбекистон Президенти: Қайси жойда раҳба...

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 8 октябрь куни жамиятда аёлл...

Индонезия парламенти депутати Мардани Ал...

Индонезия парламенти Парламентлараро ҳамкорлик қўмитаси раисининг ўринбосари Мардани Али С...

Сўнгги янгиликлар