02/Февраль/2023 Ҳамкорлик
САНКТ-ПЕТЕРБУРГ, 2 февраль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Бош консулхонаси ходимлари Санкт-Петербург шаҳридаги «Тетрапак» бир марталик идишлар ишлаб чиқариш цехи ва озиқ-овқатлар сақлаш логистика марказида вақтинча меҳнат қилаётган юртдошларимиз билан учрашув ўтказишди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 15 сентябрдаги «Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақидаги маълумотлар иштирокчилар эътиборига ҳавола этилди. Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида белгиланган вазифаларнинг мазмун-моҳияти, хусусан, аҳолини иш билан таъминлаш бўйича ташаббусларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Ўз навбатида, ватандошларимиз ўзлари дуч келаётган муаммолар юзасидан дипломатларга мурожаат қилишди.
Уларнинг мурожаатлари «Тетрапак» ширкати мутассаддилари иштирокида атрофлича муҳокама қилинди. Ширкат раҳбарияти билан Ўзбекистон фуқаролари юзага келиши мумкин бўлган ҳар қандай муаммоли масалаларни ўзаро ҳамкорликда ҳал этишга келишиб олинди.