21/Январь/2022 Ўзбекистоннинг хориждаги ваколатхоналарида
САНКТ-ПЕТЕРБУРГ, 21 январь. /«Дунё» АА/. Мамлакатимиз Бош консулхонаси ходимлари Санкт-Петербургдаги 3-сонли етим болалар ва ота-она қарамоғисиз қолган болаларни сақлаш марказида бўлишиб, марказ директори Денис Бухаров билан учрашдилар, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Мулоқот чоғида мамлакатимиз Бош консулхонаси ва мазкур марказ ўртасида яқин ҳамкорлик муносабатлари ўрнатилгани эътироф этилди.
Ўзбекистон вакиллари мазкур марказда доимий рўйхатга олинмаган, она-она ёки қонуний вакиллари мавжуд бўлмаган болаларнинг яшаш шароитлари билан танишди.
Ушбу марказда айни вақтда Россия ҳудудида бўлиш тартибини бузган фуқаролар фарзандлари, она-она ёки қонуний вакиллари мавжуд бўлмаган ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар сақланмоқда. Улар орасида 4 нафар ўзбекистонлик болалар ҳам бор.
Ўтказилган музокаралар натижасида ватандош-болажонларни имкон қадар қисқа муддатларда Ўзбекистонга юбориш тўғрисида келишувга эришилди.
Ташриф якунида марказ раҳбариятига бу ерда сақланаётган ўзбекистонлик болаларга кўрсатилаётган ғамхўрлик учун миннатдорлик билдирилди, болажонларга Бош консулхона томонидан турли совғалар тақдим этилди.