10/Май/2023 Ҳамкорлик
АР-РИЁЗ, 10 май. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон элчихонаси ходимлари Саудия Арабистони Атроф-муҳит, сув ва қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари ва қишлоқ хўжалигини кенгайтириш департаменти бош директори Бандар Муҳаммад ал-Сақҳан билан учрашув ўтказдилар, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Мақсад – Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасида, жумладан, гул етиштириш йўналишида ишлаб чиқилаётган истиқболли инвестиция лойиҳаларига саудиялик инвесторларни жалб этиш ва тегишли шартномаларни имзолашдан иборат.
Суҳбат аввалида Бандар ал-Сақҳан Саудия Арабистони ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланиб бораётгани ва бунда икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси, хусусан Ўзбекистон Президентининг 2022 йилда ушбу мамлакатга амалга оширган расмий ташрифи муҳим ўрин тутаётганини таъкидлади. У, шунингдек, мамлакат ишбилармонларининг мазкур лойиҳаларга катта қизиқиш билдираётганини алоҳида қайд этди.
«Саудия томони Ўзбекистон билан гул етиштириш бўйича ҳамкорлик қилишдан манфаатдор. Бу борада Саудия Арабистони Атроф-муҳит, сув ва қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 5 нафар масъул ходими ва 10 нафардан зиёд инвесторларни гул етиштириш бўйича лойиҳаларга инвестиялар киритиш мақсадида Ўзбекистонга бизнес-миссия билан юборишга тайёрмиз», деди Бандар Муҳаммад ал-Сақҳан.
Ушба лойиҳалар республикамизнинг тупроқ-иқлим шароитига мос 6 та вилоятида, жумладан Тошкент, Жиззах, Самарқанд, Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятларида амалга ошириш кўзда тутилган.
Ишчи сафар доирасида саудиялик инвесторлар ва мамлакатимиз ишбилармонлари ўртасида бир қатор шартномалар имзоланиши режалаштирилган.