Uz / Ўз Ru En

Toshkent

17/Июнь/2020   Иқтисодий дипломатия

Савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон ва Финляндия ҳукуматлараро комиссиясининг IV йиғилиши ўтказилди


ТОШКЕНТ, 17 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқов ҳамда Финляндия Республикаси Тараққиёт ва ташқи савдо масалалари вазири В.Скиннари ҳамраислигида Савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Финляндия ҳукуматлараро комиссиясининг IV йиғилиши видеоконференция шаклида ўтказилди.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги хабарида келтирилишича, йиғилиш давомида инвестициявий, савдо-иқтисодий, молия-техникавий, маданий-гуманитар ҳамкорлик соҳасидаги икки томонлама муносабатларни ривожлантиришнинг жорий ҳолати ва истиқболлари таҳлил қилиниб, қисқа муддатга мўлжалланган устувор вазифалар белгилаб олинди. Уларни ишлаб чиқиш доирасида қўшма ишларни янада фаоллаштириш бўйича аниқ таклифлар билдирилди.

Томонлар коронавирус тарқалишига қарши курашиш ва унинг икки мамлакат иқтисодиётига салбий таъсирини камайтириш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан фикр алмашди. Ушбу йўналишда ижтимоий-иқтисодий фаолликни сақлаб, санитария-эпидемиологик талабларга риоя қилган ҳолда пандемияга самарали жавоб беришда давлатлараро ҳамкорлик ва тажриба алмашишнинг муҳимлигини таъкидлашди.

Ўзбекистон ва Финляндиядаги иқтисодий вазият таҳлил қилиниб, унинг асосида икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгилаб олинди.

Инвестиция соҳаси, томонларнинг умумий фикрига кўра, ахборот-коммуникация технологиялари, фармацевтика, балиқчилик, қишлоқ хўжалиги, инновация каби соҳаларда мавжуд салмоқли салоҳият билан тавсифланади.

Тадбирда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва тегишли тармоқ идоралари, шунингдек, Финляндиянинг қатор вазирликлари, бизнес ва инновацияни рағбатлантириш бўйича ихтисослашган агентликлари ҳамда ташкилотлари (“Business Finland”, “Finnpartnership”), етакчи Финляндия ишлаб чиқарувчилари (“Nokia”), икки мамлакат Савдо-саноат палаталари раҳбарлари истиқболли соҳалар бўйича ҳамкорликнинг салоҳиятли йўналишларида шерикликни мустаҳкамлаш ҳақида фикр алмашди.

Молиявий ва техникавий ҳамкорликда ижобий юқорилаш алоҳида қайд этилди – Финляндия ҳукуматига БМТнинг Орол денгизи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида траст фондига 1 миллион евро миқдорида маблағ ажратгани учун миннатдорлик билдирилди. Ушбу йўналишда Финляндия молиявий ташкилотлари ва идоралари билан алоқаларни йўлга қўйиш орқали ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди.

Финляндия Миллий таълим агентлиги ва Финляндия Амалий фанлар университети раҳбарияти билан Финляндия таълим тизимининг илғор тажрибаларини қўллаб, Ўзбекистонда қўшма лойиҳаларни амалга оширишнинг аниқ механизмлари муҳокама қилинди.

Аҳоли бандлигини таъминлаш соҳасида ҳамкорлик давлатлараро мулоқотнинг муҳим йўналишига айланди – мақсадли дастурлар ва ташаббусларни амалга оширишда тажриба алмашиш ва бу борадаги фаолият истиқболлари ўрганилди.

Йиғилиш якунида тўғридан-тўғри ҳамкорлик йўналишларини аниқ белгилаб олиш имконини берувчи муҳим келишувларга эришилди. Узоқ муддатли ҳамкорлик истиқболлари учун асос яратадиган аниқ лойиҳалар ва ташаббусларни амалга ошириш белгиланди.

Мавзуга оид

Ўзбекистон ва Индонезия тўқимачилик сано...

Ўзбекистон элчихонаси ходимлари Индонезия синтетик толалар ишлаб чиқарувчилар ассоциацияси...

Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари ЖСТ...

Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари ЖСТ бош директори билан мамлакатимизнинг Жаҳон савдо ...

Ҳаво совутиш мосламаларни ишлаб чиқариш ...

Мамлакатимизнинг Деҳлидаги элчихонаси пайшанба куни «Symphony Limited» компаниясининг асос...

Сўнгги янгиликлар