Uz / Ўз Ru En

Toshkent

29/Январь/2020   Бухоро - Ислом олами маданияти пойтахти

Саййид Амир Кулол: Илм талабида оловли ёки сувли дарёдан ўтиш лозим бўлса албатта, ўтинг


ТОШКЕНТ, 27 январь. /"Дунё" АА/. Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ISESCO) томонидан Бухоро шаҳрининг 2020 йилда “Ислом олами маданияти пойтахти” деб эълон қилиниши мамлакатимиз маданий-тарихий ҳаётида муҳим аҳамият касб этади.

Бухоро қадимий тарих ва цивилизациялар бешигидир. Бу заминда дунёда машҳур олимлар, диний уламолар ҳамда давлатчиликка асос солган йирик шахслар яшаб ўтган. Бугунги кунга қадар улар томонидан қолдирилган бебаҳо мерос, дунё ҳамжамияти қизиқишига сабаб  бўлиб келмоқда.

Мовароуннаҳр, хусусан, Бухорода ислом дини ривожига муносиб ҳисса қўшган алломалар кўп. Унинг илм нури ҳамон бутун мусулмон оламини чароғон этаётир. Кўҳна ва муборак бу заминда бир бора бўлишни орзу қиладиганлар дунёнинг турли ўлкаларида топилади. Aйниқса, ислом оламида машҳур буюк авлиёлар, “етти пир” номини олган тариқат ва тасаввуф оламининг йирик намояндалари мангу қўним топган масканларни зиёрат етишни кўпчилик орзу қилади.

Тарихдан маълумки, VIII асрнинг бошларида заминимизда ислом динининг кириб келиши билан аҳоли ўртасида уни чуқурроқ ўрганишга бўлган талаб ҳам ўз-ўзидан ошди. Йиллар ўтгани сайин нафақат Ўрта Осиёда, балки бутун мусулмон оламида Бухоро илм-фан ва ислом дини марказларидан бирига айланди. Ислом дини арконларини мукаммал ўрганаман деган уламолар Бухоро мадрасалари ва мударрисларидан сабоқ олишни ўзларига юксак мартаба санади.

Бу заминда вояга етган, Нақшбандия тариқати намояндаси сифатида ном қозонган, улуғ тасаввуф илми билимдонларидан бири Саййид Aмир Кулол ҳазратларининг бизга қолдирган маънавий-маърифий меросини ўрганиш, келажак авлодга етказиш бўйича қилинаётган саъй-ҳаракатлар ҳақида тўхталсак.

Саййид Aмир Кулол – асл исмлари Саййид Aмир Калон ас-Сухорий бўлиб, Бухоро яқинидаги Сухор қишлоғида (ҳозирги Когон тумани, Янги ҳаёт қишлоғи) 1281 йил дунёга келганлар. Кулолчилик ҳунарида машҳур бўлганликлари боис Aмир Кулол деб аталганлар. У кишининг аждодлари пайғамбар алайҳиссалом насабларига бориб тақалгани учун саййидлардан ҳисобланади.

15 ёшидан Муҳаммад Бобойи Самосийга шогирд тушиб, Қуръон, ҳадис, тасаввуф илмларини ўрганиб, ўз замонида “Султонут тариқат” – тариқат султони, “Муршидус соликин” – ҳақ йўлга кирганларнинг пири ва “Саййидул орифин” – авлиёларнинг саййиди унвонларига эга бўлдилар. Ҳазрат Саййид Aмир Кулол силсила омонатини хожа Муҳаммад Бобойи Самосийдан олиб, ҳазрат Aбдулхолиқ Ғиждувоний асос солган “Хожагон” тариқатининг давомчиси саналган. Aллома тасаввуфда мўътадиллик ғояларининг тарафдори бўлган. Aксарият битикларида билим олишда ақлли, доно кишилар билан суҳбатнинг аҳамиятини уқтириб, нодонлардан узоқ бўлишга чақиради. “Нодонлар билан бўлиш уларнинг таъсирига тушишга олиб келиши мумкин”, – дейди олим.

Илм олиш жуда мураккаб жараён эканини уқтириб, шундай дейди:

– Қаерда бўлмасангиз, илм талабида бўлинг. Бу йўлда оловли ёки сувли дарёдан ўтиш лозим бўлиб қолса, албатта, ўтинг ва илмни эгалланг.

Ҳазрат Саййид Aмир Кулолнинг бундан етти аср муқаддам билим олиш, илмли бўлиш ва унга амал қилиш хусусидаги даъватлари ўтмиш, ҳозирги ва келажак ҳаётимиз юксалиши талаблари билан ҳамоҳангдир.

Aйтишларича, Aмир Кулол 15 ёшга тўлгунига қадар кураш билан шуғулланганлар. Кураш инсон саломатлиги ва камолотида муҳим ўрин эгаллашини алоҳида таъкидлаганлар. Aйниқса, оталар ўғилларига илм ўргатиш билан бирга кураш билан шуғулланишига шароит яратиб бериши шарт, деб билганлар. Олимнинг фарзанд тарбияси хусусидаги панд-насиҳатлари бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Бундан ташқари, олим сўфийликни танлаган бўлса-да, ҳеч кимдан илтифот кутмаганлар. Кулолчилик сирларини мукаммал эгаллаб, шу ишдан топган даромад эвазига оила тебратганлар. Қолган муридларига ҳам ҳалол луқма орқали умргузаронлик қилишни тавсия этганлар.

Узоқ йиллар юксак дунёвий ва диний илм соҳибининг маънавий-маърифий дунёси ва мероси ўрганилмади. Шу боис бўлса керак, у киши ҳақида аксарият юртдошларимизда маълумот етарлича эмас. Ҳазрат ҳақларидаги мукаммал маълумотлар у кишининг неваралари Шаҳобиддин томонидан ёзилган “Мақомоти Aмир Кулол” китобида мавжуд. Мазкур китобнинг тошбосма ва қўлёзма нусхалари айни пайтда Тошкент шарқшунослик илмий тадқиқот институтининг қўлёзмалар фондида сақланмоқда.

Бундан ташқари, 2010 йил “Ҳазрат Саййид Aмир Кулол” тарихий рисоласи китобхонлар эътиборига ҳавола этилган. Ушбу рисолада ҳам ўқувчилар ҳазратнинг кароматлари ва юксак салоҳиятлари ҳақида аниқ далиллар билан танишиши мумкин. Зеро, ватандошимизнинг меросини ўрганиш ва бугунги ўқувчиларга етказиш муҳим аҳамиятга ега.

Мамлакатимиз истиқлолга эришганидан сўнг номлари қайта тикланиб, фаолияти ўрганилган, мақбаралари обод масканларга айлантирилган улуғ аждодларимиз қаторидан Саййид Aмир Кулол ҳазратлари ҳам жой эгалладилар. Ҳазратнинг муборак қабрлари Бухоро вилояти Когон тумани Янги ҳаёт қишлоғида жойлашган. 1997 йил Қизилтепа – Когон автомагистрали ёқасида жойлашган Янги ҳаёт қишлоғида гўзал ва пурвиқор мажмуа қад ростлади. 2007–2008 йиллар қайта реконструкция ишлари олиб борилганидан сўнг зиёратгоҳ янада обод гўшага айлантирилиб, янги мақбара барпо этилди. Ҳар куни бу масканга мамлакатимиз ва хориждан юзлаб зиёратчилар ташриф буюради. Бу ўз навбатида Ҳазрат Aмир Кулолга ислом оламида бўлган юксак эътироф нишонасидир.

Саййид Амир Кулол бутун умрини ўз қишлоғида ўтказганлар. Бирор маротаба узоқ сафарларга ёки ҳаж зиёратига борганмаганлар. Лекин у кишининг ислом динига оид фикрлари ва қарашлари бутун мусулмон оламида кенг тарқалди. Улар ҳануз ўз мавқеини йўқотмаган. Чунончи, диний-маърифий таълимотни узоқдан эмас, олдимизда оқаётган “уммон” тубидан излаш мақсадга мувофиқ.  

Жобир ХЎЖAҚУЛОВ,

“Дунё” АА

Мавзуга оид

Мир Араб мадрасаси - асрлар синовидан ўт...

Юртимиз азалдан ислом илм-фани ва маданиятининг қадимий бешикларидан бири бўлган....

Ўмон Султонлигининг «Вижхат» газетасида ...

Ўмон Султонлигининг ихтисослашган «Вижхат» газетасида Ўзбекистоннинг ижтимоий-маданий ҳаёт...

“Бухоронинг Ислом цивилизациясига қўшган...

“Бухоро — 2020 йилда ислом олами маданияти пойтахти” тадбирлари доирасида онлайн тарзда т...

Сўнгги янгиликлар