02/Март/2021 Жамият
ТОШКЕНТ, 2 март. /«Дунё» АА/. Бугун Олий Мажлис Сенати Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Равшанбек Алимов юртимизга ташриф билан келган Ҳиндистон маданий алоқалар кенгаши раҳбари, Ҳиндистон парламенти юқори палатаси аъзоси Винай Сахасрабудхе билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Парламент юқори палатаси маълумотига кўра, учрашувда Ҳиндистон элчиси Маниш Прабхат ҳам иштирок этди.
Ҳиндистон маданий алоқалар кенгаши раҳбари Ҳиндистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Ўзбекистонда жамият ҳаётининг барча жабҳаларида, жумладан, фуқаролик жамияти институтларини демократлаштириш ва мустаҳкамлаш жараёнларида амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришларни катта қизиқиш билан кузатиб боришаётганини таъкидлади. Унинг фикрича, республиканинг бу борадаги ютуқлари халқаро ҳамжамият томонидан ҳурмат билан эътироф этилмоқда.
Суҳбат чоғида томонлар сўнгги йилларда икки томонлама ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини қайд этди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018-2019 йилларда Ҳиндистонга амалга оширган ташрифлари кенг кўламли ҳамкорлик учун мустаҳкам замин яратди.
Мулоқот иштирокчилари икки мамлакат тадбиркорлари ва маданият арбоблари делегациялари ташрифларини алмашишни янада фаоллаштириш, савдо, инвестиция, таълим, тиббиёт ва соғлиқни сақлаш, инновация, ахборот-коммуникация технологиялари ва сайёҳлик соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг мавжуд салоҳиятидан кенг фойдаланиш муҳимлиги ва зарурлиги ҳақида умумий фикр билдирди.
Ҳиндистон маданий алоқалар кенгаши раҳбарининг маълум қилишича, у раҳбарлик қилаётган кенгаш Ўзбекистон учун устувор бўлган йўналишларда, жумладан, таълим, тиббий хизмат ва туризм инфратузилмасини ривожлантириш соҳаларида ўзбекистонлик шериклар билан ҳамкорликни сезиларли даражада кенгайтиришни режалаштирмоқда. Ҳиндистонда ўзбек тилини ва Ўзбекистонда ҳинд тилини ўрганишни тарғиб қилиш бўйича қизиқарли таклифлар мавжуд.
Икки томонлама парламентлараро алоқаларнинг истиқболлари ҳам кўриб чиқилди. Мазкур йўналишдаги ўзаро алоқаларни ривожлантиришга Ўзбекистон Олий Мажлиси палаталарида Ҳиндистон парламентининг юқори ва қуйи палаталари билан ҳамкорлик қилиш учун тузилган гуруҳлар катта ҳисса қўшаётгани билдирилди.