Uz / Ўз Ru En

Toshkent

Dunyo.info


СиёсатИқтисодиётДолзарбСайёҳликЎзбекистон дунё нигоҳидаЯна рукнларАрхив

16/Июнь/2022   Ҳамкорлик

Сенат раиси бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Вашингтонда қатор учрашувлар ўтказди

ВАШИНГТОН, 16 июнь. /«Дунё» АА/. Ташриф билан Америка Қўшма Штатларида бўлиб турган Олий Мажлис Сенати раиси, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилиш мақсадида АҚШ расмийлари, жамоатчилик ва ишбилармон доиралари вакиллари билан бир қатор учрашув ҳамда музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.


Ўзбекистоннинг Америка Қўшма Штатларидаги элчихонаси томонидан маълум қилинишича, АҚШ Давлат котибининг Фуқаролар хавфсизлиги, демократия ва инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича ўринбосари Узра Зея билан учрашув чоғида томонлар мамлакатда мажбурий меҳнатга барҳам бериш, одам савдосининг олдини олиш ва унга чек қўйиш, қишлоқ хўжалиги соҳасини ислоҳ қилиш, бу борада халқаро тузилмалар ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш бўйича кўрилаётган ҳуқуқий ҳамда институционал чора-тадбирларни муҳокама қилди.

Давлат котиби ўринбосари мамлакатимизда мажбурий меҳнатга барҳам бериш борасидаги саъй-ҳаракатларни юқори баҳолади, Ўзбекистон нисбатан қисқа вақт ичида ақл бовар қилмас муваффақиятларга эришганини қайд этди. У.Зея Қўшма Штатлар мамлакатдаги ўзгаришларнинг ижобий динамикасини қўллаб-қувватлашни давом эттиришга тайёрлигини таъкидлади. Унинг фикрича, эришилган ютуқлар жаҳон бозорида Ўзбекистоннинг тўқимачилик соҳасидаги рақобатбардошлигини мустаҳкамлайди.

Давлат котиби ўринбосари Давлат департаментининг одам савдоси тўғрисидаги маърузасида Ўзбекистоннинг ўрни “назорат остидаги рўйхат”дан иккинчи даражага (Tier-2) кўтарилганини қутлар экан, бундай саъй-ҳаракатлар давом эттирилишига умид билдирди.

Учрашув якунида томонлар Ўзбекистонда меҳнат муносабатларини янада яхшилаш учун янги лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олди.

Ўз навбатида, Ўзбекистон делегациясининг АҚШ Конгресси Ташқи ишлар қўмитасидаги Осиё, Тинч океани ва Марказий Осиё минтақаси бўйича қуйи қўмита раиси, Калифорния штатидан сайланган конгрессмен-демократ Ами Бера билан учрашувида парламентлараро ҳамкорликни янада чуқурлаштириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Конгрессмен 2021 йил октябрь ойидаги Тошкентга ташрифи доирасида АҚШ Конгресси делегацияси аъзолари учун уюштирилган самимий қабул ва Ўзбекистон расмий доиралари билан мазмунли учрашувлар учун Ўзбекистон томонига миннатдорлик билдирди.

Конгрессмен Ўзбекистон-Америка шериклигининг истиқболлари ҳақида гапирар экан, Қўшма Штатлар иқтисодиёт ва савдо соҳасидаги ҳамкорликни яхшилаш учун барча имкониятларни излаётганини, шунингдек, Ўзбекистонда ва умуман Марказий Осиё минтақасида хавфсизликни таъминлашда кўп қиррали ҳамкорликни давом эттиришга содиқ эканлигини айтди.

Конгрессмен мулоқот чоғида гендер тенгликни таъминлаш ҳамда республикада аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш соҳасидаги саъй-ҳаракатларни алоҳида олқишлади.

Учрашув якунлари бўйича Ўзбекистон-Америка кун тартибининг долзарб масалалари юзасидан парламентлараро алоқаларни фаоллаштириш бўйича келишувга эришилди.

Ўзбекистон делегацияси ташрифи доирасида АҚШнинг Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик бўйича комиссиясининг (Хельсинки комиссияси) катта сиёсий маслаҳатчиси Женис Хелвиг билан ҳам учрашув бўлиб ўтди.

Хельсинки комиссияси вакили одам савдосига қарши курашиш ва гендер масалалари билан шуғулланувчи, шунингдек, Марказий Осиё билан ишлаш борасида 25 йиллик тажрибага эга мутахассис сифатида у Ўзбекистоннинг сўнгги йилларда республикада мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам бериш соҳасидаги катта муваффақиятларини эътироф этишдан мамнунлигини таъкидлади. Унинг фикрича, Cotton Campaign халқаро коалицияси томонидан ўзбек пахтасига қўйилган бойкотнинг бекор қилиниши ҳам муҳим воқеа ҳисобланади.

Ж.Хелвиг Ўзбекистоннинг ЕХҲТ билан, айниқса, Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюро (ДИИҲБ) йўналишидаги ўзаро алоқаларнинг барқарор ўсувчанлигига урғу берди. У мамлакатда ЕХҲТ тавсиялари ва дастуриламал тамойилларини татбиқ этиш давом эттирилишига умид билдирди.

Ўзбекистон делегациясининг Америка Қўшма Штатларига ташрифи давом этмоқда.

Мавзуга оид

Саратон касаллигини даволашнинг инноваци...

Амалий ташриф билан Жанубий Кореяда бўлиб турган Ўзбекистон инновацион ривожланиш вазири ў...

Малайзия томони билан Ўзбекистонда пал...

Мамлакатимиз элчихонаси кўмагида Малайзия пальма ёғи ишлаб чиқарувчилар кенгаши (Malaysian...

Жанубий Корея Инсон ресурсларини ривожла...

Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Кванжу шаҳридаги ваколатхонаси вкиллари Ж...

Сўнгги янгиликлар