Uz / Ўз Ru En

Toshkent

Dunyo.info


СиёсатИқтисодиётДолзарбСайёҳликЎзбекистон дунё нигоҳидаЯна рукнларАрхив

08/Ноябрь/2021   Сайлов - 2021

Сеулда Ўзбекистон Президенти сайлови натижаларига бағишланган брифинг ўтказилди

СЕУЛ, 8 ноябрь. /«Дунё» АА/. Мамлакатимизнинг Сеулдаги элчихонасида Ўзбекистонда бўлиб ўтган Президент сайлови натижаларига бағишланган брифинг ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.


Жанубий Кореядаги бугунги эпидемиологик вазиятдан келиб чиққан ҳолда, мазкур тадбир офлайн ва онлайн шаклларда уюштирилди.

Тадбирда ушбу муҳим сиёсий жараёнда халқаро кузатувчи сифатида иштирок этган Корея Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги собиқ элчиси Че Ён Ха, Жанубий Корея-Ўзбекистон бизнес уюшмаси раиси Ким Ёнг Гу ҳамда элчихона ходимлари қатнашди.

Бундан ташқари, «The Korea Post» журнали президенти Ли Кёнг Шик, «The Korea Times» газетаси раҳбари О Ён Чжин, Жанубий Корея-Ўзбекистон бизнес уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Ким Чанг Кеон ҳамда Евроосиё туркшунослик институти директори О Ин Кёнг онлайн шаклда иштирок этди.

Брифинг иштирокчилари Ўзбекистон Президенти сайлови натижалари, мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва ўзгаришлар, шунингдек, конструктив ташқи сиёсат ва Марказий Осиё минтақасидаги жараёнлар ҳақида фикр алмашди.

Тадбирда Ўзбекистон Президенти сайлови халқаро мезонлар ва стандартларга тўла мос миллий сайлов қонунчилиги, унда белгиланган очиқлик, ошкоралик, эркинлик ва адолат каби умумэътироф этилган демократик принципларга амал қилинган ҳолда, кўтаринки руҳда ўтказилгани таъкидланди.

– Мен 2016 ва 2019 йилларда бўлиб ўтган Ўзбекистон Президенти ҳамда парламент сайловларида ҳам ҳалқаро кузатувчи сифатида қатнашганман, деди Жанубий Корея-Ўзбекистон бизнес уюшмаси раиси Ким Ёнг Гу. – Лекин бу галги сайлов аввалгиларига нисбатан кескин фаоллашганини, уларнинг моҳияти очиқлик, шаффофлик тамойиллари билан ажралиб турганини эътироф этишим керак.

Президент сайлови Ўзбекистон халқи учун байрамона руҳда ўтди. Тошкент шаҳрида мен бўлган сайлов участкасида эрта тонгданоқ сайловчиларнинг бунчалик гавжум бўлишини кутмаган эдим. Уларнинг барчаси оила аъзолари билан ўз конституцион бурчларини бажариш учун кўтаринки кайфиятда сайловда иштирок этди. Сайловчилар мамлакатнинг, қолаверса ўзининг ва фарзандларининг келажагига юксак ишонч билан боқаётганини сезиш мумкин.

– Ўзбекистонда бўлиб ўтган Президент сайлови халқингизнинг юксак тафаккури ва донишмандлигининг ёрқин ифодаси бўлди, - деди Корея Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги собиқ элчиси Че Ён Ха. - Ушбу сайлов янгиланаётган Ўзбекистонда барча соҳаларда, жумладан, сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий, иқтисодий, маънавий-маърифий йўналишларда амалга оширилаётган изчил ва жадал ислоҳотларнинг узвий давомидир. Энг муҳими, Ўзбекистон Президенти сайлови янги қабул қилинган Сайлов кодекси асосида ташкил этилди ва ушбу ҳужжат амалда ҳақиқий синовдан муваффақиятли ўтказилди.

– Сайловда овоз бериш жараёнида бир нечта сайлов участкасида бўлдим, - деди Евроосиё туркшунослик институти директори О Ин Кёнг. - Ушбу воқеликни кузатар эканман, сайлов Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Сайлов кодекси талаблари ва халқаро стандартларга тўла мос ҳолда, очиқлик, ошкоралик ва муқобиллик тамойиллари асосида ўтганига гувоҳ бўлдим. Сайловда беморлар, имконияти чекланган шахслар, кексалар, бир сўз билан айтганда, сайлаш ҳуқуқига эга бўлган барчанинг иштирокини таъминлашга жиддий эътибор қаратилди.

Брифинг иштирокчилари сўнгги йилларда Ўзбекистон ички сиёсатида кузатилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ва янгиланишлар мамлакатнинг ташқи сиёсатида ҳам яққол намоён бўлаётганини алоҳида қайд этди.

Ўзбекистон халқаро муносабатларнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатида, минтақа ва глобал даражада фаол ташқи сиёсатни йўлга қўйиб, хорижий ҳамкорлар билан ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантираётгани, бундай конструктив ташқи сиёсат халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилаётгани таъкидланди.

Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолиятининг асосий йўналишларидан бири – минтақада тинчлик, барқарорлик ва хавфсизлик муҳитини шакллантириш ҳисобланиши қайд этилди. Шу нуқтаи назардан, Президент Шавкат Мирзиёев минтақа давлатлари билан дўстона, яқин қўшничилик ва ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга жиддий эътибор қаратаётгани тадбир иштирокчилари томонидан юқори баҳоланди.

Брифинг иштирокчилари Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ҳукм суришидан нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақа давлатлари наф кўришини таъкидлади. Чунки Афғонистон Марказий Осиё учун энг қисқа йўл орқали денгиз коммуникацияларидан фойдаланиш, транспорт йўлакларини диверсификация қилиш ва шу билан маҳаллий маҳсулотларни экспорт қилиш учун кенг бозорларни очиш имкониятларини таъминлаш имкониятига эга эканлиги айтилди.

Иштирокчиларга Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг Ўзбекистон Республикаси сайланган Президентининг лавозимига киришишига бағишланган қўшма мажлисидан лавҳалар намойиш этилди.

Сайлов жараёнлари ва унинг натижалари билан боғлиқ материалларни ўз саҳифаларида тезкор ёритгани учун «The Korea Post» журнали ҳамда «The Korea Times» газетаси раҳбарларига элчихона томонидан миннатдорлик билдирилди.

Мавзуга оид

Қозоғистоннинг Актау шаҳрида ватандош...

Кеча Қозоғистоннинг Актау шаҳрида Бош консул Отабек Турсинбековнинг «Заман» МЧШ директори...

Польшанинг етакчи оммавий ахборот восита...

Польшанинг етакчи оммавий ахборот воситалари 24 октябрь куни Ўзбекистонда бўлиб ўтган През...

Малайзияда Ўзбекистон Президенти сайлови...

Мамлакатимизнинг Малайзиядаги элчихонаси ҳузуридаги 25-сайлов участкасида ватандошларимиз ...

Сўнгги янгиликлар