Uz / Ўз Ru En

Toshkent

29/Октабрь/2020   Иқтисодиёт

ШҲТга аъзо давлатлар делегациялари савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг муҳим жиҳатларини муҳокама қилди


ТОШКЕНТ, 29 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон инвестиция ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Азиз Воитов Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатларнинг ташқи иқтисодий ва ташқи савдо фаолиятига масъул вазирликлари раҳбарларининг 19-йиғилишида иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги маълумотида қайд этилишича, видеоконференция шаклида ташкил этилган тадбир Ҳиндистон раислигида ўтказилган.

Тадбирда Ҳиндистон савдо ва саноат вазири Пиюш Гоял, Қозоғистон миллий иқтисодиёт вазирининг биринчи ўринбосари Асет Иргалиев, Хитой савдо вазири ўринбосари ва халқаро савдо музокараларида Хитой вакили ўринбосари Юй Цзяньхуа, Қирғизистон иқтисодиёт вазири ўринбосари Автандил Алибаев, Покистон савдо вазири ўринбосари Муҳаммад Хумайр Карим, Россия иқтисодий ривожланиш вазири ўринбосари Владимир Ильичев, Тожикистон иқтисодий ривожланиш ва савдо вазири ўринбосари Абдураҳмон Сафарали, Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Азиз Воитов иштирок этди.

Тадбирда ШҲТ Бош котиби Владимир Норов ва ШҲТ Ишбилармонлар кенгаши ижрочи котиби Сергей Канавский ҳам қатнашди.

Учрашув иштирокчилари минтақавий иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиб, ШҲТ маконидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва истиқболлари юзасидан фикр алмашди.

Делегациялар раҳбарлари ШҲТга аъзо давлатларнинг кўп томонлама Савдо-иқтисодий ҳамкорлик дастурини амалга ошириш учун 2021-2025 йилларга мўлжалланган тадбирлар режаси лойиҳасини маъқуллади. ШҲТга аъзо давлатлар ҳукумат раҳбарлари кенгашининг бўлажак йиғилиши доирасида ҳужжат лойиҳасини тасдиқлаш учун ташкилот котибиятига киритиш тавсия этилди. Бундан ташқари, йиғилиш иштирокчилари ШҲТга аъзо давлатларнинг рақамли даврда узоқ ва қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик қилиш концепцияси лойиҳасини маъқуллади. Ҳужжатни ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг 2020 йил 10 ноябрда ўтказилиши режалаштирилган навбатдаги йиғилишда тасдиқлаш учун котибиятга киритиш тавсия қилинди.

Шунингдек, Йиғилиш кун тартибига мувофиқ, ШҲТга аъзо давлатлар ташқи иқтисодий ва ташқи савдо фаолияти учун масъул вазирликлар раҳбарларининг COVID-19 пандемиясига жавобан чоралар кўриш ва кўп томонлама савдо тизимини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги баёнотлари, ташкилотга аъзо давлатларнинг тегишли вазирликлари ўртасида микро, кичик ва ўрта бизнес соҳасида ШҲТ доирасидаги ҳамкорликни рағбатлантириш бўйича ўзаро англашув меморандумини амалга ошириш бўйича тадбирлар режаси тасдиқланди.

Камбағалликни қисқартириш ва стартапларни ривожлантириш бўйича махсус ишчи гуруҳлар тузиш бўйича ташаббусларни амалга оширишнинг амалий жиҳатлари алоҳида тартибда кўриб чиқилди.

Тадбир якунида ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида савдо, инвестициялар, транспорт ва логистика, сайёҳлик, қишлоқ хўжалиги, саноат, энергетика, ахборот-коммуникация технологиялари, фан, экология ва атроф-муҳитни, интеллектуал мулкни муҳофаза қилиш каби соҳаларда ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш муҳимлиги таъкидланди.

ШҲТга аъзо давлатлар ташқи иқтисодий ва ташқи савдо фаолиятига масъул вазирликлари раҳбарларининг навбатдаги йиғилиши 2021 йилда ўтказилиши маълум қилинди.

Мавзуга оид

"Ўзбекнефтегаз" ва "Лукойл" қўшма корхон...

Тошкентда “Ўзбекнефтегаз” АЖ ва “Лукойл” компанияси ўртасида ўзаро англашув меморандуми им...

Туркия савдо-саноат палатасида икки томо...

“Ўзэлтехсаноат” уюшмаси раиси М. Юнусов бошчилигидаги делегация Туркия Республикасида бўли...

Марказий банк Ўзбекистонда халқаро захир...

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки мамлакатимиздаги халқаро захиралар бўйича навбатдаг...

Сўнгги янгиликлар