31/Май/2023 Жамият
ТОШКЕНТ, 31 май. /«Дунё» АА/. Кеча Бадиий академия ҳузуридаги Тошкент фотосуратлар уйида ШҲТнинг Ўзбекистондаги Халқ дипломатияси маркази томонидан «Табиатни биргаликда асраймиз» мавзусида болалар расмлари кўргазмаси ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
ШҲТ Халқ дипломатияси маркази маълумотига кўра, кўргазманинг очилиш маросимида БМТ Болалар жамғармасининг (ЮНИСЕФ) Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзада, Беларусь элчиси Леонид Маринич ҳамда Мактабгача ва Мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Мактабгача таълим агентлиги директорининг ўринбосари Оятилло Раҳматуллаев иштирок этди.
Унда ШҲТга аъзо давлатларнинг мактабгача ва мактаб таълими муассасалари ўқувчилари чизган расмларини тақдим этиб, ўзларининг чизган расмлари орқали атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, она табиатга муҳаббат ҳақидаги тушунча ва қарашларини ифода этишга ҳаракат қилишди.
Кўргазмадан кўзланган мақсад ШҲТга аъзо давлатлар болаларининг экологик маданиятини ошириш, тасвирий санъат ва бадиий ижодга қизиқишини ошириш, ёш истеъдодларни аниқлашдан иборат. Бундан ташқари, ушбу тадбир болаларда тинчлик ва ватанпарварлик туйғуларини тарбиялашга, уларнинг эътиборини табиий муҳитга қаратишга, шунингдек, болалар ва ўсмирларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга хизмат қилади.