30/Март/2023 Конституциявий ислоҳотлар
ШАНХАЙ, 30 март. /«Дунё» АА/. Шанхай Халқаро чет тиллар университетининг халқаро алоқалар бўйича докторанти Юлдуз Сафарова мамлакатимизда амалга оширилаётган Конституциявий ислоҳотларга муносабат билдирар экан, «Дунё» ахборот агентлигига қуйидаги фикрларини баён этди:
- Мен кўп йиллардан бери Хитойда таълим олиш мақсадида истиқомат қилиб келаётган бўлсам ҳам Ўзбекистондаги барча янгилик ва ўзгаришларни оммавий ахборот воситалари орқали диққат билан кузатиб бораман.
Чет элда яшаётган ҳар бир ўзбекистонлик юртимизда рўй бераётган янгиликлардан доимо хабардор бўлиши лозим, деб ҳисоблайман.
Конституциямизга муайян ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳозирги замон талабларидан бири, деб ўйлайман, чунки дунё шиддат билан ўзгариш ва ривожланишда давом этмоқда. Биз ҳам бу жараёндан четда туришимиз ғайри имкон. Жаҳоннинг илғор тажрибасига таяниб, Ўзбекистон халқининг турмуш тарзини юксалтириш мақсадида Асосий қонунимизга тегишли ўзгартиришлар киритиш ва уни амалиётга жорий этиш ҳозирги даврнинг муҳим вазифаларидан бири, деб биламан.
Ҳозирги кунда юртимизда инсон қадри-қимматининг нақадар ортиб бораётганини янгиланаётган Бош қомусимиз лойиҳасидан ҳам билса бўлади. Ёшлар масаласига кўрсатилаётган эътибор бўйича ҳам худди шундай фикрни билдириш мумкин.
Шу боис мен 30 апрель куни ўтказиладиган референдумда фаол қатнашаман. Фурсатдан фойдаланган ҳолда Шанхай шаҳридаги ўзбекистонлик ёшлар ва барча ватандошларни ушбу муҳим сиёсий тадбирда фаол қатнашишга чақираман.